Жаҳон | 22:03 / 08.12.2020
30907
8 дақиқада ўқилади

Фахризоданинг қотили робот эдими? Эрон олимга сунъий интеллектли пулемётдан ўт очилганини айтмоқда

Эронлик ядрошунос олим Муҳсин Фахризода сунъий йўлдош орқали бошқарилган сунъий интеллектли пулемётдан ўлдирилган. Бу ҳақда Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси бош қўмондони ўринбосари Али Фадави маълум қилди. Экспертларнинг бир қисми ушбу расмий талқинга скептик нуқтайи назардан ёндашишмоқда.

Фото: Reuters

Контр-адмирал Фадавининг сўзларига кўра, қуролдан 13 марта ўқ узилган. Ўқлар зирҳланган машинадаги Фахризодага теккан, аммо ёнидаги рафиқаси шикастланмаган. Пулемёт йўлдан ичкарироқда турган «Ниссан» автомобилига ўрнатилган бўлган.

«Юқори технологияли камералар ёрдамида пулемёт Фахризоданинг юзига тўғриланган, бунда сунъий интеллект технологияларидан фойдаланилган», дея эронлик ҳарбий амалдорнинг сўзларини келтирган «Меҳр» агентлиги. Фадавининг қўшимча қилишича, ўз танаси билан Фахризодани тўсган тансоқчига тўртта ўқ теккан.

Унинг сўзларига кўра, Фахризодага қилинган ҳужумда одамлар иштирок этмаган, автоматик қурол сунъий йўлдош орқали онлайн бошқарилган. Эрондаги «Фарс» агентлиги хабарига кўра, Фахризода ўлдирилгач, пулемёт ўрнатилган автомобил ўзини ўзи портлатиб юборган.

Аввал ҳам юқори технологияли қурол қўллангани ҳақидаги версия айтилганди, аммо бу сафар бу талқин расмий шахс тилидан илк марта янграмоқда. Мустақил манбалар ҳозирча бу версияни тасдиқламади.

Фахризоданинг ўлими ҳақидаги хабарлар ортидан, Ғарб давлатлари разведка хизматлари Эрон ҳукумати олимнинг ўлдирилишида Исроилни айблаётгани тўғрисида маълумот тарқатди. Исроил ҳукумати бу ҳодисага алоқадорлигини тан олмади, шу билан бирга айбловни рад этмади.

Таҳлилчиларнинг қайд этишича, ядрошунос физикнинг ўлими Эрон ва олти йирик давлат - АҚШ, Буюк Британия, Франция, Хитой, Россия ва Германия ўртасидаги 2015 йилги ядровий келишув (АҚШ санкциялари юмшатилиши эвазига Эрон ядровий дастурини чеклаш бўйича) тикланишига халал бериши мумкин. АҚШнинг ҳозирги президенти Дональд Трамп мамлакатни ушбу келишувдан олиб чиққанди, янги сайланган президент Жо Байден эса келишувни тиклаш ниятини билдирган.

Эронлик физик қандай ҳалок бўлди?
Қотиллик 27 ноябрь куни эрталаб, Фахризода рафиқаси билан бирга Эрон шимолидаги Мазандарон вилоятида жойлашган Ростамкола шаҳридан чиқиб, Абсард аҳоли пунктига кетаётганида содир этилган. Олим зирҳли автомобилда бўлган, унга ўз соқчилари хизматининг учта машинаси ҳамроҳлик қилган. Машиналардан бири олдинга чиқиб, вазиятни текшириш учун узоқлашиб кетган. Шу пайт Фахризоданинг автомобилига бир нечта ўқ келиб теккан, олим эса машина нимагадир тўқнашди ёки двигател билан муаммо юзага келди, деб ўйлаб, машинадан чиққан. Шундан кейин олимнинг автомобилидан 150 метр узоқликдаги «Nissan» машинасидан масофадан туриб бошқарилган автоматик ўқотар қуролдан ўт очилган.

Олимнинг ўлимидан кейин Эрон ҳукумати бу воқеа қандай бўлгани тўғрисида бир-бирини инкор этувчи турли версияларни илгари сура бошлади.

Қотиллик куни Эрон мудофаа вазирлиги конвойга қуролланган кишилар ҳужум уюштиргани ва физикнинг тансоқчилари улар билан отишмага киришгани тўғрисида хабар тарқатди.

ОАВда гувоҳларга асосланган ҳолда ҳужум қилганлардан уч-тўрт киши ўлдирилгани ёзилди. «Фарс» агентлиги автомобил яқинида портлаш содир этилгани ҳақида ёзди.

Версиялар кўпаяверди, аммо расмий маълумот жуда оз эди. Эрон хавфсизлик бўйича миллий кенгаш раҳбари физикнинг дафн маросими вақтида ҳужум қилганлар «алоҳида методлар» ва «электрон қурилмалар»дан фойдалангани ҳақида айтди.

Эрон ҳукумати Фахризоданинг ўлдирилишига кескин муносабат билдирди. Эрон олий етакчиси маслаҳатчиси Ҳусайн Деҳқон қотилликда айбдорларга қатъий жавоб чораси кўрилишини айтди ва тўлиқ кўламда уруш бошлаш мақсадида Эронга босимни кучайтиришга ҳаракат қилишаётганини маълум қилди. Мамлакат ташқи ишлар вазири Жавод Зариф халқаро ҳамжамиятни «давлат террор акти»ни қоралашга чақирди ва қотилликка Исроил алоқадор бўлиши мумкинлигини айтди. Кейинроқ The New York Times ўз манбаларига асосланган ҳолда, АҚШ разведка хизматлари ҳам шундай версия тарафдори эканлиги ҳақида хабар берди. Агентлик суҳбатдошларига кўра, Фахризода узоқ вақт давомида Исроилнинг «Моссад» сиёсий разведкаси нишонида бўлиб келган. Оқ уй ва МРБ бу масала бўйича газетага изоҳ беришдан бош тортди.

Эрон олий раҳнамоси оятуллоҳ Али Хоминаий қотиллик учун қасос олишни талаб қилди. Ўтган ҳафта охирида Исроил радиоси ҳарбийлар мамлакатдаги бир қанча ядрошунос физикларни уларнинг ҳаёти хавф остида бўлиши мумкинлигидан огоҳлантиргани ҳақида хабар берди. ОАВ хабарига кўра, гап Негев саҳроси ичкарисида жойлашган Димона ядровий тадқиқотлар марказида ишлаган мутахассислар ҳақида кетган.

Исроил ҳукумати бу хабарлар бўйича изоҳ бермади. Бир кун аввал Исроил ички ишлар вазирлиги Яқин Шарқ ва Африка ҳудудида бўлган фуқароларни «Эрон унсурлари» таҳдиди юзага келгани тўғрисида огоҳлантирганди.

Таҳлил
Зоуи Кляйнман, BBCнинг технологиялар бўйича мухбири

Олим бундай юқори технологияли имкониятлар ишга солинган ҳолда ўлдирилгани ҳақидаги даъволар хавотирли ва бу антиутопияга ўхшайди. Қайд этиш керакки, бу маълумотни ҳеч ким текширмаган.

Жанг майдонида сунъий интеллектдан фойдаланиш масаласи анчадан буён кўплаб олимларни ташвишга солиб келади. 2015 йилда марҳум профессор Стивен Ҳокинг илмий ҳамжамиятнинг ҳарбий сунъий интеллектни ишлаб чиқаришни тақиқлаш сўралган очиқ хатни имзолаган минглаб вакилларидан бири бўлганди.

Аммо ҳозирги ҳолатда Эроннинг бу баёноти шубҳали кўринади.

Радиоэлектрон кураш бўйича таҳлилчи ва эксперт Том Уитингтоннинг таъкидлашича, Фадави «ваҳимали янграйдиган терминлар»ни ишлатиш орқали, бу суиқасдни технологик жиҳатдан Эрондан анча устун бўлган давлатлар амалга оширганини кўрсатишга уринмоқда.

Campaign to Stop Killer Robots CTSKR (қотил роботларни тақиқлаш кампанияси) коалицияси аъзоси, профессор Ноэль Шарки агар сунъий интеллектли қуроллардан армиялар ҳам фойдалана бошласа, оқибатлари «тасаввур қилиб бўлмас даражада аянчли бўлади» деб ҳисоблайди.

«Агар одамларни таниш ва ўлдириш учун юзни аниқлаш технологиясидан фойдаланадиган қурилмалар пайдо бўлса, глобал хавфсизликда катта пасайиш бўлади», деган у.

Нега айнан Фахризода?
Муҳсин Фахризода мамлакат мудофаа вазирлиги қошидаги тадқиқотлар ва инновациялар бўйича ташкилотни бошқарар эди.

Ғарб давлатлари ва исроилликлар разведкаси у Эрон ядро дастурида муҳим рол ўйнаган шахс эканини тасдиқлашган. Уларнинг маълумотларига кўра, Фахризода «Амад» лойиҳасига - Эронда 1989 йилда йўлга қўйилган махфий ядро дастурига раҳбарлик қилган.

Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) маълумотига кўра, ушбу лойиҳа 2003 йилда ёпилган, аммо 2018 йилда Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу Фахризода «Амад» лойиҳасини давом эттирувчи дастур устида ишлаётганини айтганди.

Эрон ядро қуроли яратиш мақсади йўқлигини айтиб келади.

Ўтган ҳафтанинг чоршанбасида Эрон парламенти БМТ инспекторларини мамлакатдаги ядро объектларига киритишни тақиқловчи қонунни қабул қилди. Шунингдек, санкциялар икки ой ичида юмшатилмаса, ҳукумат уранни 20 фоизгача бойитиш дастурини тиклашига рухсат берилган.

Янги қонун лойиҳасида Эронда йилига 120 килограмм уранни 20 фоизга бойитиш билан уран ишлаб чиқариш ва тўплаш (20 фоиздан юқори уран қурол даражасида ҳисобланади), шунингдек, ойига камида 500 килограмм кам бойитилган уран ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Айни пайтда Эрон уранни «ядро шартномаси»да назарда тутилган 3,67 фоиз ўрнига 4 фоиздан юқори даражада бойитмоқда. Ядро қуроли ишлаб чиқиш учун нисбатан кўпроқ бойитиш талаб этилади, аммо 20 фоизлик уран мавжуд бўлганида, бу технологик жиҳатдан имконли иш бўлиб қолади.

Бундан ташқари, Аракдаги 40 МВт оғир сув реакторини «ядро келишуви»дан аввалги ҳолатига қайтариш ҳам кўзда тутилган. Келишув Аракдаги мавжуд реакторни радиоизотоплар ишлаб чиқариш учун қайта лойиҳалашни назарда тутади, шунда у қурол даражасидаги плутонийни ишлаб чиқармайди.

Мавзуга оид