Спорт | 10:20 / 08.12.2020
16843
6 дақиқада ўқилади

Футбол ва қон. Яшил майдондаги энг кўнгилсиз воқеалар

Фото: Getty Images

«Нефтчи» – «Турон» ўйинидан кейинги жанжал шунчалик кенг муҳокама қилиндики, бошқа мамлакатларда ҳам ўша ўйиндаги футболчи ҳакамни тепаётгани тасвирланган видеолар тарқалди. Футбол тарихида жуда кўп тартибсизликлар содир бўлган. Қони қайнаб турган минглаб мухлисларнинг бирваракайига тўполон бошлаши кўплаб кишиларнинг ўлимига сабаб бўлган ҳолатлар ҳам йўқ эмас.

Қуйида стадионларда юз берган энг катта тартибсизликлар ва бахтсиз ҳодисалар келтирилган.

• 1902 йил 5 апрел. Глазго. Шотландия

Шотландия ва Англия ўртасидаги ўйин ҳар доимгидек принципиал аҳамиятга эга эди. Ўйин ўтказилган «Айброкс Парк» стадиони трибунаси тебранишларни кўтара олмай қулаб тушади. Оқибатда 517 киши жароҳатланади ва 25 киши ҳалок бўлади.

• 1946 йил 9 март. Болтон. Англия

«Болтон Уондерерс» – «Сток Сити» ўйинида минглаб чиптасиз мухлислар тўсиқларни бузиб ўтишади ва кўпчилик оёқ остида қолиб кетади. 400 дан ортиқ киши жароҳат олади, 33 киши ҳалок бўлади.

• 1954 йил 4 апрел. Тбилиси. Грузия

«Динамо» Тбилиси – «Спартак» Москва ўйини. Бу ўйинда ҳам чиптасиз оломон ўзини стадионга уради ва тирбандлик ҳосил бўлади. 20 киши оёқ остида қолиб вафот этади.

• 1955 йил 6 ноябр. Неапол. Италия.

«Наполи» – «Болонья» ўйини. Мезбонлар дарвозасига пенальти белгиланганидан кейин оммавий тартибсизликлар бошланади ва у ҳатто отишмаларга уланиб кетади. Оқибатда 152 киши яраланди, уларнинг 52 нафари полициячилар эди.

• 1962 йил 21 сентябр. Либревил. Габон

Габон ва Конго ўртасидаги ўртоқлик учрашувида стадионни кўчки босади. Шу сабаб 9 киши ҳалок бўлади, 30 киши яраланади.

• 1964 йил 24 май. Лима. Перу

Перу ва Аргентина олимпия жамоалари ўртасидаги ўйин чиндан футбол тарихида қонли сатр билан битилди. Тартибсизликларда 328 киши ҳалок бўлади, 4000 дан ортиқ одам жароҳат олади.

• 1968 йил 23 июн. Буэнос-Айрес. Аргентина

«Ривер Плейт» – «Бока Хуниорс» ўйинидаги мухлислар тўқнашуви отишмаларга уланиб кетади. Тўполонда 74 киши қурбон бўлган.

• 1969 йилнинг 15 июл – 20 июл оралиғи

Ҳондурас ва Сальвадор ўртасидаги ўйин Ҳондураснинг мағлубияти билан тугади ва икки давлат ўртасидаги ҳақиқий урушга уланиб кетди. Оқибатда 5 мингга яқин одам ҳалок бўлади, 6 мингдан ортиқ киши жароҳатланган.

• 1971 йил 2 январ. Глазго. Шотландия

Яна ўша «Айброкс» стадиони. «Рейнжерс» – «Селтик» ўйинидаги тартибсизлик 66 кишининг ўлимига сабаб бўлган, яна 140 киши жароҳатланган.

• 1974 йил 11 феврал. Қоҳира. Миср

Миллий чемпионатдаги ўйинда трибуна қулади ва бу 48 кишининг ўлимига, 47 кишининг жароҳатланишига сабаб бўлади.

• 1982 йил 20 октябр. Москва

«Лужники» стадиони. УЕФА кубоги, «Спартак» – «Хаарлем» ўйини. Сўнгги дақиқаларда бошланган тўполонда расмий маълумотларга кўра 66 киши ҳалок бўлган. Бу собиқ иттифоқ спортидаги энг фожиали ҳолатлардан бири сифатида тарихда қолди.

• 1985 йил 11 май. Брэдфорд. Англия

Вэлли Пэрейд стадионида ёнғин чиқиб, ёғоч трибунага ўт кетди. Оқибатда 56 киши нобуд бўлган, 265 киши куйиш жароҳати олган.

• 1985 йил 29 май. Брюссель. Бельгия

«Эйзель» стадиони. «Ливерпуль» – «Ювентус» ўйинидаги муштлашувда трибуна қулаб кетди ва 39 киши ҳалок бўлди, яна 500 дан ортиқ киши жароҳатланди.

• 1988 йил 12 март. Катманду. Непал

Ўйин пайтида стадионда кучли жала қуяди ва томошабинлар шошилиб чиқиб кетишга уринади. Аммо 8 дарвозадан фақат биттаси очиқ эди. Тиқилинчда 93 киши вафот этади.

• 1989 йил 15 апрел. Шеффилд. Англия

«Хиллсборо» стадионидаги «Ноттингем Форест» – «Ливерпуль» ўйинига ўриндиқлар сонига нисбатан кўпроқ одам киритиб юборилади. Тиқилинчда 96 киши, жумладан 10 ёшли бола ҳалок бўлади, юзлаб кишилар жароҳатланади. Бу кун футбол ватани тарихидаги қонли саҳифалардан бири сифатида муҳрланди. «Ливерпуль»нинг ўйинларида бу воқеа тез-тез эслаб турилади.

• 1996 йил 16 октябр. Гватемала

Гватемала – Коста-Рика ўйинидаги тартибсизликлар оқибатида 82 киши ҳалок бўлади.

• 2001 йил 11 апрел. Йоханнесбург. ЖАР

Маҳаллий чемпионат доирасидаги «Кайзер Чифс» – «Орландо Пайретс» ўйинида 41 томошабин ҳалок бўлган.

• 2001 йил 9 май. Аккра. Гана

Миллий чемпионатнинг «Харт оф Оук» – «Ашанти Котоко». Жамоалари ўйинидаги тартибсизлик оқибатида 123 томошабин ҳалок бўлган.

• 2012 йил 1 феврал. Порт-Саид. Миср

«Ал-Масри» ва «Ал-Аҳли» ўйини сўнгида эҳтиросга тўлган томошабинлар майдонга югуриб чиқиб, муштлашиб кетишди. Жанжал 73 кишининг ўлими ва минглаб одамнинг жароҳатланиши билан тугади.

Бу рақамлар футболда тартибни сақлаш нақадар аҳамиятли эканлигини яна бир бор исботлайди. Чунки бу ўйинда футболчилар ҳам, мухлислар ҳам тезда жўшиб кетишлари мумкин.

Мавзуга оид