Жаҳон | 18:03 / 08.12.2020
5885
4 дақиқада ўқилади

Пандемия даврида ўйналадиган энг яхши стол ўйинлари таклиф қилинди

Фото: Getty Images

New scientist журнали бўш вақтдан унумли фойдаланиш учун ақлни чархлайдиган энг фойдали стол ўйинларини таклиф қилди. Тақдим қилинаётган ўйинларга техника аралашмаган, улар жуда оддий – картон бўлакларидан ясалган. Шунга қарамай, уларнинг кўпи мураккаб, эсда қоларли ва тарбиявий аҳамиятга эга. Тарихий, сиёсий, илмий, лингвистик ва ижтимоий-технологик мавзуларга қизиқувчилар учун ҳам ўйинлар бор.

Табиат ва биологияни севувчилар учун

Бундай ўйинлардан энг машҳури Wingspan – ноёб қушларни тўплаш ўйинидир.  Ўйин Элизабет Вингспан томонидан яратилган. Унда иштирокчилар захира тўплаш учун ноёб қушларни жалб қилишлари керак бўлади. Қушлар ноёб қобилиятларга эга бўлган ва турли хил муҳитда тўда бўлиб яшайдилар.

Доминант турлар ўйини

Доминант турлар (Dominant Species) ўйинида иштирокчи кучли ҳайвон турларининг яшаб қолишига ёрдам беради. Ўйинда иштирокчилар кучли жонивор турлари музлик давригача ҳукмрон гуруҳ бўлиб қолиши учун курашадилар.

Иқлим ўзгаришини ҳал қила оласизми?

Фойдали ўйин турларидан бири – «CО2 Иккинчи имконият» (CO2 Second Chance) деб номланади. Ўйинда иқлим ўзгариши асосий масала сифатида ўртага қўйилади. Иштирокчилар энергетика компанияси эгалари бўлиб, углерод кредитларини сотиш ва табиатни заҳарламайдиган электр станцияларини қуриш орқали бозор улуши учун рақобатлашадилар. Бунда иштирокчилар беихтиёр иқлим ўзгариши муаммоси ҳақида реал ечимлар ўйлай бошлайди. 

«Пандемия»

Бутун дунё бўйлаб касалликларнинг тарқалишига қарши курашадиган жамоа бўлиб ўйналадиган ўйин «Пандемия» (Pandemic) деб номланади. Бунда иштирокчилар биргаликда ютадилар ёки ютқазадилар. Ўйин тахтаси ва қоидалари 12 ой давомида қайтариб бўлмайдиган даражада ривожланиб боради.

«Истеъмол»

«Истеъмол» (Consumption) – локдаун шаротида яшашни режалаштириш ўйини. Иштирокчилар озиқ-овқат харид қилиши, рецептлар тайёрлаши ва ҳатто ёғли маҳсулотларни ёқиб юбориши мумкин. Иштирокчи озиқ-овқат чиқиндиларини минималлаштириш учун тартибли овқатланиш ва фаол турмуш тарзига амал қилсагина ғалаба қозонади.

Янги сайёра излаш ўйини

Коинот ишқибозлари, ёш астрономлар ёки Ер ва ундаги юқумли касалликларидан қочишни истаганлар «Номаълум сайёрани қидириш» (The Search for Planet-X) ўйинидан завқланиши мумкин. Иштирокчи Қуёш системасидаги сирли сайёрани қидирувчи фазогир бўлади. Ўйинчилар коинотни кузатадилар, тадқиқот ўтказадилар, назарияларни нашр этадилар ва бир-бирларининг ҳаракатларини қайт этиб борадилар.

Фазовий вазифа

«Юқори чегара» (High Frontier) ўйини парвоз муҳандислари учун фазовий вазифани режалаштириш ва бажаришга туртки бўлади. Ўйинда ҳисоб-китобларни жуда яхши билиш ва мураккаб режаларни тушуна олиш муҳим.

Марсни яшайдиган ҳолга келтириш

«Марсни ўзгартириш» (Terraforming Mars) ўйинида иштирокчи космик ташаббускор бўлиши керак. Яъни, бунда иштирокчи Марсни инсон яшайдиган ҳолатга келтириши лозим. Ўйин шартларига сайёрага космик лифтларни жойлаштириш, астероидларини йўқ қилиш ва тошни кемирадиган бактерияларни топиб, сайёрани тошлардан тозалаш кабилар киради.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид