Жаҳон | 08:59 / 10.12.2020
9228
2 дақиқада ўқилади

АҚШда президент сайловлари натижаларини қайта кўриб чиқишни 17та штат қўллаб-қувватламоқда

Фото: AP

АҚШда ноябрда ўтган президент сайловлари натижаларини қайта кўриб чиқиш зарурлиги юзасидан Техас штатидан олий судга берилган даъво аризасини қўллаб-қувватловчи штатлар сони тобора кўпаймоқда

Айни вақтда ушбу даъво аризасини республикачилар томонидан бошқарилувчи 17та штат - Миссури, Алабама, Арканзас, Флорида, Индиана, Канзас, Луизиана, Миссисипи, Монтана, Небраска, Шимолий ва Жанубий Дакота, Жанубий Каролина, Теннесси, Юта, Оклахома ва Ғарбий Виргиния вакиллари қўллаб-қувватламоқда. Таъкидлаб ўтиш жоиз, ушбу штатлар даъво аризасига қўшилмай, фақатгина уни қўллаб-қувватлаган.

Аввалроқ Техас бош прокурори Кен Пэкстон АҚШ олий судига “тебранувчи” 4та штат - Жоржия, Мичиган, Пенсилвания ва Висконсинда сайловлар натижаларини ҳақиқий деб тан олмаслик илтимоси билан мурожаат қилган. Ушбу масала бўйича ҳали қарор чиқарилмаган. 

Гап шундаки, ушбу 4та штатда сайловлар арафасида сайлов қонунчилигига ўзгартиришлар киритилган. Пэкстоннинг фикрича, қонунга ўзгартиришлар ноқонуний бўлган ва демократ Жо Байденга ушбу штатларда овоз бериш вақтида устунликка эга бўлишга имкон берган. 

3 ноябрда ўтган президент сайловларининг расмий натижалари ҳали эълон қилинмади. АҚШнинг йирик ОАВлари сайловларда Байден ғалаба қозонганини эълон қилган. Амалдаги президент Доналд Трамп рақибининг ғалабасини тан олмаяпти, бироқ шу билан бирга унга ҳокимиятни топшириши юзасидан келишиб олган. 

Мавзуга оид