20:53 / 10.12.2020
4389

Мексика журналистлар учун энг хавфли давлат бўлиб қолмоқда

Мексикада 2020 йилда оммавий ахборот воситаларининг 13 ходими ўлдирилган. Халқаро журналистлар федерацияси (IFJ) маълумотларига кўра, Мексика журналистлар учун энг хавфли давлат бўлиб қолмоқда.

Фото: Getty Images

“Мексика журналистлар учун энг хавфли давлатларнинг 2020 йилги рейтингида 13та қотиллик билан охирги 5 йил ичида 4-марта 1-ўринни эгаллади”, деб маълум қилинган IFJ сайтида. 

Бу борада 2-ўринни 5 нафар журналист ўлдирилган Покистон эгалламоқда. 3-ўринни Афғонистон, Ҳиндистон, Ироқ ва Нигерия ўзаро бўлишмоқда. Ушбу давлатларда 2020 йилда 3 нафардан журналист ўлдирилган. 

Шунингдек, 2020 йил давомида Филиппин, Сомали ва Сурияда 2 нафардан журналист ўлдирилган.      

IFJ 2020 йилда умумий ҳисобда 42 нафар журналист ўлдирилганини қайд қилган. Бу кўрсаткич 2019 йилдагига нисбатан 7тага кам. Бироқ ташкилотнинг таъкидлашича, журналистлар ўз хизмат мажбуриятларини бажаришда ҳамон таҳдидларга ва ҳаётлари учун ўлим хавфига тўқнаш келишмоқда.      

IFJ маълумотларига кўра, ҳозирда 34та давлатда 235 журналист ҳибсда ушлаб турилибди. Бу рўйхатга ОАВнинг гаров пули эвазига озодликка чиқарилган ходимлари киритилмаган. IFJ ўтказган тадқиқотнинг кўрсатишича, баъзи журналистлар ўзларига ҳеч қандай айблов билдирилмаган ҳолда қисқа муддатга ҳибсда ушлаб турилади, бу эса улар томонидан қонунбузарликлар содир этилмаганини кўрсатади. Шунингдек, ОАВ ходимлари кўпинча оммавий норозиликлар ортида ушланганлар.        

Top