Жаҳон | 08:02 / 11.12.2020
10533
2 дақиқада ўқилади

АҚШ ҳарбийлари Эрон ҳужум қилиши эҳтимоли сабабли жанговар шайлик ҳолатига келтирилди - ОАВ

Фото: EPA

АҚШнинг Яқин Шарқдаги ҳарбийлари Эрон томонидан ҳужум қилиниши мумкинлиги сабабли юқори жанговар шайлик ҳолатига келтирилди. Бу ҳақда манбаларга таяниб Politico нашри хабар берди

Маълумотларга кўра, Пентагон Теҳрон Вашингтонда ҳокимият алмашиши ва америкалик ҳарбийларнинг Ироқ ва Афғонистондан олиб чиқилишидан фойдаланиб, ҳужум уюштириши мумкин.
        
“Бу ерда гап ҳужумкор ҳаракатлар ҳақида эмас, балки рақибни тўхтатадиган кучли мудофаани намойиш қилиш ҳақида бормоқда”, деб айтган манбалардан бири. Унинг таъкидлашича, Пентагон “Ироқдаги эронлик жангчилар томонидан ҳужумга тайёргарлик кўрилаётгани ҳақида сигналлар” олмоқда.  

Уч ҳафта аввал Вашингтон Ироқ ва Афғонистондаги қўшинларини камайтиришга ваъда бергандан кейин Яқин Шарққа B-52H Stratofortress стратегик бомбардимончи самолётларини жўнатишга қарор қилган. Жумладан, минтақага 2та шу турдаги самолёт жўнатилган. АҚШ охирги марта ушбу бомбардимончиларни Яқин Шарққа январда эронлик генерал Қосим Сулаймоний ўлдирилгандан кейин жўнатган. Самолётларни жўнатишдан мақсад Эронни “чўчитиб қўйиш” ҳисобланади. 

Шунингдек, АҚШ қўмондонлиги Форс кўрфазидан Nimitz авиаташувчи кемасини олиб чиқишни режалаштирганди, бироқ энди вазият кескинлашиши мумкинлиги сабабли кема минтақада ушлаб турилиши мумкин. 

Ноябр охирида эронлик ядрочи олим Муҳсин Фахризода Теҳрон яқинида ўлдирилганди. Ушбу қотиллик шундоқ ҳам нотинч бўлган Яқин Шарқдаги вазиятнинг янада кескинлашувига олиб келиши мумкин.

Мавзуга оид