Жаҳон | 08:24 / 13.12.2020
2602
2 дақиқада ўқилади

АҚШда 14 декабрдан коронавирусга қарши оммавий эмлаш бошланади

АҚШда аҳолини коронавирусга қарши эмлашга тайёргарлик кўрилмоқда. Мамлакатда Pfizer ва BioNTech компаниялари вакцинаси билан эмлаш 14 декабрдан бошланиши кутилмоқда, деб маълум қилган эмлаш дастурига раҳбарлик қилаётган генерал Густав Перна.

Фото: Reuters

Эмлашнинг биринчи куни вакцина эмлаш ўтказиладиган 145та марказга етказилади. Ҳозирча вакцина билан эмлашни 636та марказда ўтказиш мумкин. 15 декабрда эса вакцина барча эмлаш марказларига етказилади. Pfizer ва BioNTech эмлаш марказларида вакцинани тегишли шароитда сақлаш учун ўта паст ҳароратли қурилмалар бўлишини талаб қилмоқда.   

АҚШда 12 декабрда Pfizer ва BioNTech вакцинасини қўллашга рухсат берилди. Шу тариқа, АҚШ ушбу вакцинани қўллашга рухсат берган 6-давлат бўлди. Аввалроқ бундай рухсат Британия, Канада, Баҳрайн, Саудия Арабистони ва Мексикада берилганди. Европа иттифоқида вакцинани текшириш давом этмоқда. Европанинг Дори воситалари бўйича агентлиги вакцина бўйича якуний қарорни 29 декабргача қабул қилиши кутилмоқда.     

Тадқиқотлар натижаларига кўра, BioNTech ва Pfizer вакцинаси самарадорлиги 95 фоизга етади. Вакцина синовларида иштирок этганларда ҳозирча жиддий иккиламчи таъсирлар қайд этилмаган. Синовларда 43,5 минг киши иштирок этган, улардан деярли ярми плацебо олган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид