08:01 / 15.12.2020
8832

АҚШ Туркияга С-400 мажмуалари учун санкциялар киритди

Фото: ТАСС

АҚШ Туркия Россиядан С-400 зенит-ракета мажмуаларини сотиб олгани учун Туркия мудофаа саноати котибияти, унинг раҳбари Исмоил Демир ва яна уч мансабдор шахсига нисбатан санкциялар жорий этди. Бу ҳақда АҚШ давлат котиби Майк Помпео маълум қилди. 

Помпеонинг таъкидлашича, АҚШ Туркияни С-400 сотиб олиниши АҚШ ҳарбийлари ва техникасини хавф остига қўйиши, Россия мудофаа секторига катта маблағлар тақдим қилиши ҳамда Россиянинг Туркия қуролли кучлари ва мудофаа саноатига киришидан бир неча марта огоҳлантирган.

“Туркия огоҳлантиришимизга қарамай, Россиядан С-400 мажмуаларини сотиб олишни ва уларнинг синовларини ўтказишни давом эттирди. Биз Россиянинг мудофаа сектори билан йирик битимлар тузилишига чидаб турмаймиз”, деб айтган Помпео. 

АҚШ давлат котибининг таъкидлашича, санкциялар Америка душманларига санкциялар воситасида қарши курашиш қонуни (CAATSA) доирасида киритилган ва АҚШнинг ушбу қонунга мувофиқ ҳаракатланишга ҳамда уни шунга ўхшаш вазиятларда қўллашга тайёрлигини кўрсатади. 

Санкциялар Туркия мудофаа саноати котибиятига лицензиялар ва экспортга рухсат беришга тақиқловни ҳамда Демир ва котибиятнинг бошқа амалдорларининг АҚШдаги активлари музлатилишини кўзда тутади.

Помпеонинг таъкидлашича, энди Туркия АҚШ билан биргаликда С-400 муаммосини дарҳол ҳал қилиши лозим. 

Туркия ва АҚШ ўртасидаги муносабатларда совуқчилик тушишига сабаб бўлган С-400 мажмуалари Туркияга 2019 йил июлдан бошлаб етказилган. Вашингтон Анқарага ушбу битимдан воз кечишни ва Туркияга F-35 қирувчи самолётлари сотишни бекор қилиш ва санкциялар киритиш билан таҳдид қилиб, С-400 ўрнига АҚШнинг Patriot мажмуаларини сотиб олишни таклиф қилган. 

Бироқ Анқара ён босишни истамаган ва Россия билан С-400’нинг қўшимча партияларини сотиб олиш бўйича музокараларни давом эттирган.

Top