16:30 / 15.12.2020
6752

Artel компанияси Исфандиёр Ҳайдаровнинг шахсий кўргазмасини ташкил этди

Artel компанияси ННТ Халқаро пресс-клуб билан ҳамкорликда Autograph санъат галереясида Исфандиёр Ҳайдаровнинг «Диёримнинг ранглар таронаси» номли шахсий кўргазмасини ташкил этди. Кўргазма 13 декабрдан 20 декабргача давом этади. Шунингдек, юртимиз маданияти ривожига қўшган ҳиссаси учун миннатдорлик тариқасида, Artel компанияси таниқли рассомнинг яшаш жойи билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишда моддий ёрдам кўрсатди ва ижодини давом эттириши учун барча шароитларни яратиб берди.

Artel компанияси таниқли санъат арбобларини, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш орқали юртимиз санъати ривожига ўз ҳиссасини қўшишни режалаштирган. Исфандиёр Ҳайдаровнинг шахсий кўргазмаси эса бу йўлда босилган биринчи қадамдир.

Диёримнинг ранглар таронаси

Исфандиёр Ҳайдаров ижодига мансуб суратлар ўзининг табиийлиги, тасвирнинг жонлилиги, ҳаққонийлиги, ёрқинлиги билан лол қолдиради. Уларга назар ташлар экансиз, ўзингизни худди қишки Тошкентни тарк этиб, вилоятларимиздаги иссиқ ёз кунларига бориб қолгандек ҳис этасиз.

Улуғ ёшига қарамай, Исфандиёр Ҳайдаров ҳали ҳам ижод қилишни давом эттирмоқда, санъат ҳақида гапирганда эса кўзларида нур пайдо бўлади. Кўргазма давомида таниқли рассом бир нечта саволларга жавоб берди.

Сизни рассом бўлишга нима илҳомлантирган?

– Болалигим Жиззах вилоятида, тоғлар орасида ўтган. Ўша пайтлар табиатга боқиб акварель билан расм чизишни ёқтирардим. Атрофимдаги табиат гўзаллиги, тоғлар мени илҳомлантирган десам бўлади. Рассомликка мойиллигимни биринчилардан бўлиб Тошкентдан келган расм дарси ўқитувчиси Сайфиддин Пиримқулов англаган. Айнан шу киши расм чизишни давом эттиришимни маслаҳат берган. Қишлоғимда бунга имкониятлар кам бўлса-да, давом эттирдим.

Яхши рассом бўлиш учун академик таълим олиш шартми?

– Бу саволга аниқ тўғри жавоб йўқ. Менинг фикримча, шарт. Оддий мактабда керакли билимлар берилмайди. Аммо айрим иқтидорли рассомларга бу шарт эмас. Масалан, Ван Гог академик таълим олмаган, аммо таълим олганида бу қадар буюк бўлмасмиди. Унинг буюклиги айнан ўзига хослигида. Лекин бу даражада иқтидорли рассомлар жуда ҳам кам.

Санъатда асосийси – ғоя. Сизнинг ижодингизда қандай ғоя яширинган?

– Ёш болаларнинг кўзлари қандай нур билан ёниб туришига ҳеч эътибор берганмисиз? Улар дунёга профессионал рассом кўзи билан қарамайди, чизиш учун синчиклаб ранг танламайди. Улар эҳтирос билан чизади. Мен ҳам худди шу эҳтиросни, худди шу экспрессияни акс эттиришга ҳаракат қилганман. Болаларда сохталик йўқ, менинг суратларим ҳам худди шундай самимий бўлишига ҳаракат қилганман.

Сиз учун муваффақият нима?

– Тасаввур қилинг, рассом бойиб кетди. Унда ҳамма нарса бор, рассомлик учун энг яхши хислатлар, энг яхши бўёқлар, барча анжомлари етарли, лекин илҳом йўқ. Бундай рассомни муваффақиятли деса бўладими? Мен ўзимда шу илҳомни сақлаб қолганимдан, ҳали ҳам ижод қилиш хоҳиши борлигидан бениҳоят хурсандман. Бу дунёга айтадиган ҳали кўп гапларим бор — шу менинг муваффақиятим.

Artel расмий сайти: artelgroup.org/catalog-artel

Facebook: fb.com/arteluzb

Реклама ҳуқуқи асосида

Top