22:08 / 15.12.2020
29031

Қарши тумани ҳокими бетоб бўлиб қолди. Унинг ўрнида вақтинчалик раҳбар ишламоқда

Қарши тумани ҳокими Мақсуда Мустафоева соғлигидаги муаммо туфайли лавозими мажбуриятларини бажара олмайди. Унинг ўринбосари Сардор Абдуллаев туманга вақтинчалик раҳбарлик қилиб туради.

Kun.uz мухбири хабар беришича, 15 декабр куни бўлиб ўтган халқ депутатлари Қарши туман кенгашининг навбатдаги сессиясида туман ҳокими Мақсуда Мустафоеванинг туман аҳолисига мурожаат қилиши режа қилинган эди. Аммо сессия ишида туман ҳокими қатнашмаган ва унинг ўрнига ўринбосари Сардор Абдуллаев аҳолига мурожаат қилган.

Қарши туман ҳокимининг сессияда қатнашмагани ижтимоий тармоқда муҳокамаларга сабаб бўлгач, туман ҳокимлиги ахборот хизмати Мақсуда Мустафоеванинг бетоблиги туфайли сессияда қатнаша олмаганини маълум қилган.

«Бугун 2020 йил 15 декабр куни туман ҳокимлигида бўлиб ўтган VI чақириқ 23-сессияда Қарши туман ҳокими М. Мустафоева иштирок этмаганлиги ҳақида хабарлар тарқалди.

Туман ҳокими М.Мустафоева бетоблиги туфайли Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонуннинг 6-, 21-моддаларига мувофиқ, 2020 йил 14 декабрдан 20 декабргача унинг зиммасидаги вазифаларни вақтинча бажариш туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари С.Абдуллаев зиммасига юклатилган.

Туман ҳокимининг 2020 йил 14 декабрдаги 139-сонли фармойиши ҳам чиқарилган. Сессия иши давомида бу фармойиш иштирокчиларга ўқиб эшиттирилди. Сессия белгиланган тартибда эътирозларсиз ўтди. Вазифалар меъёрларга мос равишда белгилаб олинди», дейилади туман ҳокимлиги маълумотида.

  • Мақсуда Мустафоева 2020 йил 4 март куни Қарши тумани ҳокими этиб тайинланган эди. У интернетда шу йилнинг ёзида Sulton Tex Group ишидаги иштироки туфайли ҳам танилганди.
Top