Аср аввалида Ўзбекистон ва АҚШ муносабатлари стратегик даражага кўтарилиб, кенг кўламли ҳарбий ва сиёсий ҳамкорлик ривожлана бошлади. 2001 йил 11 сентябр воқеалари фонида ҳар иккала томон учун ҳам умумий манфаатлар пайдо бўлади. Kun.uz Америка ҳарбий хизматчиларининг Ўзбекистондаги 4 йиллик фаолияти, икки давлат алоқаларининг тўсатдан совуқлашиб кетиши, радиация ва заҳарланиш билан боғлиқ ҳолатлар ҳақида ҳикоя қилади.

АҚШ ҳарбийларининг Ўзбекистонга кириши

2001 йил 11 сентябр воқеаларидан кейин АҚШ «Ал-Қоида» террористик гуруҳига қарши глобал уруш эълон қилади. Гуруҳнинг асосий таянч нуқтаси Афғонистонда жойлашганди. Америка президенти Жорж Буш Марказий Осиё давлатларига мурожаат қилиб, террорчиларга қарши тезкор ҳужумлар учун уларнинг аэродромларидан вақтинчалик фойдаланишга рухсат сўрайди. Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримов ушбу илтимосга биринчилардан бўлиб ижобий жавоб беради. 2001 йилнинг октябр ойида АҚШ мудофаа вазири Доналд Рамсфелд Тошкентга шошилинч ташриф билан келади ва Ўзбекистон раҳбарияти билан музокаралар ўтказади. Ўша пайтда ҳар иккала томон учун ҳам умумий манфаатлар пайдо бўлади.

Доналд Рамсфелд (ўртада) ва Ислом Каримов (чапда) Тошкентдаги учрашувдан сўнг.

Биринчидан, АҚШ Афғонистондаги ҳарбий амалиётлар учун географик жиҳатдан қулай таянч пунктига муҳтож эди. Ўзбекистон Афғонистонга қўшни мамлакат ҳисобланиб, Совет Иттифоқидан қолган аэродромлар инфратузилмасига эга бўлган.

Иккинчидан, ўша пайтда Ўзбекистонда ҳам нотинчлик ҳукм сурар, Каримовнинг турли экстремистик гуруҳлардан келиши мумкин бўлган таҳдидлардан хавотири ошиб борарди. Америка томони Ўзбекистоннинг ҳудудий яхлитлиги ва хавфсизлигига таҳдид бўлса, жиддий эътибор билан қарашини ва вазият тақозо этса ёрдам кўрсатишини билдиради. Шунингдек, мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ танқидларга ҳам кўз юмилишига ишоралар берилади.

2001 йилнинг 5 октябр куни Ўзбекистон расмий равишда АҚШ ҳарбий самолётлари ва аскарларининг мамлакат ҳудудида жойлашишига рухсат беради. Қашқадарё вилояти Қарши тумани яқинидаги Хонобод аэродроми (К2) Америка ҳарбийлари фойдаланиши учун ижарага берилади. Шу тариқа икки давлатни терроризмга қарши курашдаги умумий манфаатлар бирлаштирди ва Москва эътирозларига қарамасдан, Тошкент ва Вашингтон ўртасида ҳарбий ҳамкорлик йўлга қўйилади.