14:40 / 16.12.2020
19019

«Ҳудудгазтаъминот» раиси метан заправкалар кечки вақтларда ишламаётганига изоҳ берди

«Ҳудудгазтаъминот» АЖ раиси Баҳодир Эшмуродов метан заправкаларининг ишлаш вақтига ўзгартириш киритилгани бўйича изоҳ берди.

«Халқ тили билан айтганда метан заправкалар ва у ердаги чекловлар борасида ҳам истеъмолчилар томонидан саволлар келиб тушмоқда. Содда қилиб айтганда, метан-заправка бу – уланиш нуқтасига қараб, 0,5 атмосферадан 200 атмосферагача бўлган табиий газни тортиб сиқиб, машина баллонига тўлдириб берадиган жой. Яъни бу ерда технологик жараён [бўлади], табиий газ босими 400 баробарга кўтарилмоқда.

Мана шу жараёнда аксарият фуқароларимиз ишдан қайтиш вақтида заправкага кириб метан қуйиш билан банд бўлади. Агар биз кунни учга бўлиб олсак, эрталаб соат 00:00дан соат 6:00гача барқарор вақт бўлади. Соат 6:00дан соат 8:00гача истеъмол 25-30 фоизгача ошиб кетади. Бу ҳамма уйқудан турган, нонушта қилаётган вақтга тўғри келади.

Шундан кейин соат 8:30дан соат 11:00гача яна истеъмол пасайиб барқарор даражага келади. Соат 11:00дан соат 14:00ларгача тушлик вақти ҳисобига яна истеъмол ошиб кетади. Кейинги истеъмол ошиши соат 16:30дан бошланади. Фуқароларнинг ишдан қайтиши, тушлик тайёрлашга киришиш, чироқларнинг ёқилиши ва бошқа кўплаб сабаблар туфайли бизда соат 17:00дан бошлаб соат 20:00гача, айрим кунлари соат 22:00гача истеъмол энг чўққига чиққан вақтлар бўлади. Яъни бу ерда иссиқлик электр станциялари, иссиқлик манбалари ва аҳоли истеъмолчиларининг сарфлари ошади.

Шунингдек, метан-заправкаларининг истеъмоли ҳам шу вақтда ошади. Шунинг учун мана шу вақтда тирбандлик ҳосил қилмаслик мақсадида метан-заправкаларининг ишлаш вақтига ўзгартириш киритиш таклифи берилди. Яъни кундуз вақтида ёки тонгда заправка қилиш орқали кечки вақтда барча истеъмолчиларни бир меъёрда газ билан таъминлаш вазифаси қўйилди ва бу таклиф амалга оширилди», деди «Ҳудудгазтаъминот» АЖ раиси Баҳодир Эшмуродов.

Эслатиб ўтамиз, ноябр ойи охирида вилоятларда, декабр ойи бошида Тошкент шаҳрида метан заправкаларнинг ишлаш вақтига чеклов ўрнатилган, пойтахтда соат 17:00дан соат 05:00га қадар газ таъминоти узилиши маълум қилинганди.

Top