Ўзбекистон | 17:42 / 16.12.2020
31120
2 дақиқада ўқилади

«Жойлардаги раҳбарлар ишига ижтимоий тармоқларда халқимиз баҳо бермоқда» — Президент энергия таъминоти муаммолари ҳақида

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган видеоселектор йиғилишида қишга тайёргарликда йўл қўйилган камчиликларни ҳал этиш масалалари танқидий таҳлил қилинди.

Давлат раҳбари бугунги селектор мавзулари ниҳоятда жиддийлигини таъкидлади. Жорий йил об-ҳавонинг аввалги йилларга нисбатан эрта ва кескин пасайгани тармоқлар ва ҳудудларнинг қиш мавсумига қай даражада тайёрлигини яққол кўрсатиб бергани, халқ қабулхоналарига мурожаатлар сони бу йил ўтган йилга нисбатан кўмир, газ, электр энергияси таъминоти бўйича кескин ошганидан ҳам кўриш мумкинлиги қайд этилди.

Шу билан бирга, электр, табиий ва суюлтирилган газ ҳамда иссиқлик таъминотида тез-тез узилишлар аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Худди шундай, бензин нархининг ошгани ҳам аҳоли ўртасида жиддий муҳокамаларни келтириб чиқармоқда.

Ижтимоий тармоқларда аҳолининг энергия таъминоти муаммолари билан боғлиқ қарийб 2 мингга яқин мақолалар ва видеороликлар орқали чиқишлари қайд этилган.

Президент жамиятдаги муаммоларни кўтариб чиқаётгани учун яна бир бор ОАВ ходимларига миннатдорлик билдирган.

«Менга баландпарвоз гаплар ва рақамлар керак эмас. Жойлардаги раҳбарларнинг ишлари натижадорлигига ижтимоий тармоқларда халқимиз холис баҳо бермоқда.

Журналистларимизга, блогерларимизга раҳмат, очиқлик туфайли шу муаммолардан хабар топяпмиз», дея давлат раҳбарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири. 

Мавзуга оид