19:30 / 18.12.2020
14702

Тошкентда ичимлик суви ва канализация хизматлари учун нархлар нега оширилмоқда? «Тошкент шаҳар сув таъминоти» изоҳ берди

Бугун, 18 декабр куни «Тошкент шаҳар сув таъминоти» МЧЖда бўлиб ўтган матбуот анжуманида пойтахт аҳолисининг ичимлик суви таъминоти ва канализация хизматлари учун нархларни ошириш бўйича халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши қарори лойиҳаси бўйича изоҳ берилди.

«Тошкент шаҳар сув таъминоти» МЧЖ директори Мақсуд Аббосхонов

Қайд этилишича, сув ишлаб чиқариш таннархи амалдаги нарх билан мутаносиб эмас.

«Бугунги кунда корхона томонидан 1 куб метр сув ишлаб чиқариш учун 372 сўм сарфланмоқда. Кўриниб турибдики, таннархнинг ўзи аҳоли учун ҳисобланган 1 куб метр ичимлик суви нархидан (310 сўм) 62 сўмга қиммат.

Шу каби омиллар сабаб Тошкент шаҳар сув таъминоти» МЧЖ 2019 йилда 58,8 млрд.сўм ҳамда 2020 йилнинг 8 ойида 21,3 млрд. сўм зарар кўрди», - деди «Тошкент шаҳар сув таъминоти» МЧЖ директори Мақсуд Аббосхонов.

Шунинг учун тизим ва тармоқларнинг эскирганлиги туфайли сув таъминотида узилишларнинг олдини олиш, ичимлик суви ва канализация хизматларининг сифатини ошириш бўйича 2021 йилга режалаштирилган тадбирларни инобатга олган ҳолда янги тарифлар бўйича таклифлар тайёрланган.

«Тошкент шаҳар сув таъминоти» МЧЖ директорининг иқтисодий масалалар бўйича директор ўринбосари Илҳом Толипов таклиф этилаётган янги нарх (тариф)лар эвазига 2021 йилда қуйидаги ишлар амалга оширилишини маълум қилди:

  • насос станциялардаги сув узатиш тизимини автоматлаштириш (СCАДА) ҳисобига ва эскирган насосларни янги замонавий энерготежамкор насосларга алмаштириш. Бунинг натижасида сув ишлаб чиқариш ҳажми 17,6 млн. куб метрга камайтирилади ва йилига 6 млн. кВт электр энергияси иқтисод қилинади.
  • ҳар йили эскирган ичимлик суви ва канализация қувурлари 69 километрдан таъмирланади. Маълум қилинишича, ҳозирда Тошкент шаҳридаги сув қувурларини таъмирлаш жуда орқада қолган. Шу сабабли йилига 69 километрдан таъмирлаш эвазига тахминан 8 йил муддатда бу борадаги нормага тушиб олинади. Ҳозирда имкониятдан келиб чиқиб йилига 15-20 км. узунликдаги қувурлар таъмирланмоқда.
  • жамият асосий ишчи ходимларининг ўртача ойлиги 1-1,2 миллион сўмни ташкил қилмоқда. Янги тарифлар тасдиқланса, ходимларнинг ўртача ойликлари 1,8 миллион сўмга етказилади. Маълум қилинишича, жамият раҳбарларининг ўртача ойлиги 3-3,5 миллион сўм ва уларнинг ойлигини ошириш кўзда тутилмаган.
  • шунингдек, янги тарифлар жамиятнинг халқаро молия институтлари олдидаги қарзларини ўз вақтида қайтариш имконини беради. Ҳозирда Ислом тараққиёт банкидан 24 миллион АҚШ доллари миқдорида қарздорлик қолган, жадвалга асосан, йилига 3 миллион доллари қайтарилмоқда. Шунингдек, «Тошкент шаҳар сув таъминоти» МЧЖ Европа тикланиш ва тараққиёт банкидан 30 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредитни олмагани маълум қилинди. Бу борадаги музокаралар пандемия бошланганида тўхтатиб қўйилган.

“Бошқа коммунал хизматлар нархи барча ҳудудлар учун бир хил миқдорда, ичимлик суви эса ўша ҳудуднинг сув етказиб беришдаги географик жойлашуви, унга кетадиган сарф-харажатлардан келиб чиқиб белгиланади. Тошкент шаҳри сув нархи энг арзон бўлган ҳудудлардан ҳисобланади. Пойтахтдаги истеъмолчилар учун марказлашган ичимлик сувининг 1 литри нархи амалдаги 31 тийин ўрнига 50 тийинга ошиши кутилмоқда”, - дея «Тошкент шаҳар сув таъминоти» МЧЖ директорининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Top