Ўзбекистон | 23:00 / 19.12.2020
30495
2 дақиқада ўқилади

Ортиқхўжаев Тошкентда юзлаб кўп қаватли уйлар қурилаётганига қарамасдан уларнинг нархи нима учун пасаймаётганлигига изоҳ берди

Бугун, 19 декабр куни пойтахт ҳокимлигида халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши ва Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, тадбирда Жаҳонгир Ортиқхўжаев пойтахтда юзлаб кўп қаватли янги уйлар қурилаётганига қарамасдан  уйларнинг нархи нега пасаймаётганига изоҳ берди.

«Кўпчилик норози бўлади, ҳамма ёқ қурилиш, қум ва чанг бўлиб кетди, деб. Агар бугунгача шаҳарда оммавий қурилишларни қилмаганимизда бугунги нархлар ҳам бўлмасди. Биз 2-3 йил аввал яқин орада уйларнинг нархи 1 квадрат метрга 1,5 миллион сўмдан кам бўлмаслигини тахмин қилганмиз. Хабарингиз бўлса, шаҳарда уйларни 2-3 та компания қурарди. Уйларни сотиш офислари бўлмас эди, қанақадир таниш топишингиз керак эди. Қайсидир офисларга чиқардингиз, тортмани очарди… 50 фоизини қўйинг, битганда оласиз дерди.

Ҳозир эса борасиз, қайси тарафдан танлайсиз, қуёшга қараган бўлсинми, қайси қаватдан бўлсин дейди. Каталогларини кўриб танлайсиз. Ҳозир 10 фоизини тўлайсиз, ҳатто 3 йил ичида бўлиб тўлаб борасиз деган нарсалар ҳам пайдо бўлди», - дейди Ортиқхўжаев.

«Айтмоқчиманки, қурилишни ўз вақтида жадаллаштирганимиз учун шу нархлар бор. Агар қурилишни тўхтатиб қўйсак, Тошкент шаҳрида «прописка режими» бекор қилингани ҳисобига ҳам нархларнинг кескин ошиши, уйлар етишмовчилиги кузатилади. Шунинг учун биз бугун тезда катта-катта лойиҳаларни қилишга мажбур бўлмоқдамиз. Уйлар қимматлашгани сари камроқ даромадли оилаларнинг уй сотиб олиш даражаси кескин камайиб кетади”, - қўшимча қилди ҳоким.

Ортиқхўжаевнинг маълумот беришича, аҳолининг уй-жойга бўлган талабини қондириш мақсадида 2020 йилда Тошкент шаҳрида жами 8 минг 444 та хонадондан иборат 125 та кўп қаватли уйлар қуриб битказилиб, фойдаланишга топширилган. 

Мавзуга оид