20:37 / 19.12.2020
4455

Шерзод Шерматов вазирлар ва раҳбарларни ўзлари таълим олган мактабга боришга чақирди

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов имзоси билан тарқалган хатда вазирлар ва раҳбарлардан ўзлари ўқиган мактабларга бориш ва тақиқланган байрам тадбирларидан тежалган маблағлар ҳисобига таълим масканларига имкон қадар амалий ёрдам бериш сўралган.

«Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг Баёнотида вазирлик, идоралар, давлат улуши бўлган корхоналар ва бошқа ташкилотларга турли корпоратив байрам тадбирлари ташкил этиш тақиқланганлиги сабабли, корпоратив байрам тадбирларидан тежаб қолинган маблағларни таълим, соғлиқни сақлаш, меҳрибонлик уйлари ва бошқа ижтимоий соҳаларга йўналтириш тавсия этилган.

Шу муносабат билан, мазкур баёнотнинг мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб ҳамда «Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади» шиори тарғиботини кенгайтириш мақсадида, сиз таълим олган умумтаълим мактабига ташриф буюриб, унинг бугунги кундаги фаолияти, ютуқлари, моддий-техника базаси ҳолати билан танишишингиз ва мактаб жамоаси билан келажакдаги режалари ҳақида суҳбатлар ўтказиб, имконият даражасида амалий ёрдам кўрсатишингиз мақсадга мувофиқ бўлар эди», дейилади вазирнинг 18 декабр куни вазирлик ва давлат қўмиталари раҳбарларига йўлланган хатида.

Шунингдек, Халқ таълими вазирлиги расмий саҳифаларида таълимга бефарқ бўлмаган, болаларнинг янада яхши шароитларда ўқиши учун амалий ёрдам бераётган раҳбарлар, тадбиркорлар ва фуқароларга миннатдорчилик билдирилган.

Top