Ўзбекистон | 17:13 / 19.12.2020
35867
2 дақиқада ўқилади

Турдимов Самарқанднинг учта қолоқ туманини санади

Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов самарқандликларга мурожаат қилди. Йил давомида қилинган ишларга тўхталган ҳоким вилоятдаги қайси туманлар қолоқ аҳволда қолаётганини маълум қилди.

Фото: Kun.uz

«Бугун мамлакатда давлат идоралари ва ҳудудларнинг раҳбарларига ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичларига қараб баҳо бериш тизими яратилди. Рейтинг баҳолаш тизими орқали энди ҳудудлар «қизил», «сариқ» ва «яшил» тоифаларга ажратилаётгани ҳар бир раҳбарни ўз фаолиятини таҳлил қилишга ундайди.

Ўтказилган таҳлилларга кўра, Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарлари, Булунғур ҳамда Самарқанд туманлари «яшил» ҳудудга киритилган. Қўшработ, Пахтачи ва Пайариқ туманлари қолоқ, яъни «қизил» ҳудудлар таснифига киритилган ва бу ачинарли ҳолат», деди Эркинжон Турдимов.

Турдимов ичимлик суви ва оқова сув таъминотини яхшилаш ҳақида ҳам гапирди: «Бугунги кунда вилоят аҳолисининг 66,8 фоизи тоза ичимлик суви билан таъминланган. Вилоятда 4 841 км ичимлик суви тармоғи мавжуд бўлиб, шундан 1 123,4 км (23,2 фоизи) таъмирталаб ҳолатда. Мавжуд 1 872 та сув қудуқларидан 675 таси (36 фоизи), мавжуд 1 671 та сув иншоотларининг 551 таси (32,9 фоизи), 89 та резервуарлардан 19 таси (21,3 фоизи) таъмирталаб аҳволда», деди вилоят ҳокими.

Турдимовнинг айтишича, пандемияга қарамай, вилоятда 735 км сув қувурлари, 6 та резервуар ва 143 та сув иншоотлари 580,3 миллиард сўмга реконструкция қилинган. Бу ўтган йилгига қараганда 2,7 баравар кўп дегани.

Ҳоким ўз мурожаатида Молия вазирлиги ҳузурида 10 триллион сўмдан иборат Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан вилоят учун жами 637,4 миллиард сўм маблағ ажратилганини маълум қилди.

Самарқандда 19,5 минг нафар якка тартибдаги тадбиркорлар, 37 мингта микрофирма ва кичик корхоналарга жами 272 миллиард сўмлик солиқ имтиёзлари қўлланган. 265 та хўжалик юритувчи субъектларнинг 7,8 миллиард сўм солиқ тўлови муддати кечиктирилган, 3 360 та корхонанинг 1,4 миллиард сўм солиқ қарзи ва пеняси ҳисобдан чиқарилган. 1 540 та кичик тадбиркорлик субъектлари 7,1 миллиард сўмлик мол-мулк ва ер солиғидан озод этилган.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид