Ўзбекистон | 21:34 / 19.12.2020
50671
6 дақиқада ўқилади

«UzAuto Motors» иши якунланди: суд қарорига асос бўлган ҳужжатларидан бири компания вакиллари томонидан инкор этилганди

18 декабр куни Тошкент шаҳар маъмурий суди апелляция босқичи судлов ҳайъати Монополияга қарши курашиш қўмитасининг «UzAuto Motors» иши бўйича шикоятини кўриб чиқишни якунлади.

Тошкент шаҳар маъмурий суди апелляция инстанцияси судлов ҳайъати аризачи «UzAuto Motors» АЖнинг жавобгар Монополияга қарши курашиш қўмитасига нисбатан юритилган маъмурий иш юзасидан қабул қилинган Тошкент шаҳар маъмурий судининг жорий йил 30 октябрдаги ҳал қилув қарори ва хусусий ажримига нисбатан қўмитанинг апелляция шикояти кўриб чиқилди. Мазкур иш юзасидан суднинг қарори 2020 йил 18 декабрда эълон қилинди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Суд қарорига кўра, Тошкент шаҳар маъмурий судининг жорий йил 30 октябрдаги ҳал қилув қарори ва хусусий ажрими ўзгаришсиз, Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасининг апелляция шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилди.

18 декабр куни суд мажлиси Монополияга қарши курашиш қўмитасининг апелляция шикоятига қўшимча киритиш билан бошланди.

Апелляция шикоятини кўриб чиқиш давомида «UzAuto Motors» томонидан турли важлар келтирилди. Масалан, жамиятнинг нарх сиёсати 2018 йилгача давлат томонидан тартибга солингани, аммо шундан кейин жамият кузатув кенгаши бу масалада мутлақ ваколатли экани таъкидланди.

«UzAuto Motors»нинг қўмита махсус комиссияси қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисидаги аризасида, шунингдек, шу масала юзасидан ўтган суд мажлислари давомида жамият вакиллари томонидан билдирилган тушунтиришларда шикоят асосларидан бири сифатида «монопол юқори нарх қўллангани» ўз исботини топмагани айтилган. Булар айтмоқчики, Монополияга қарши курашиш қўмитаси компанияга нисбатан текширувда монопол юқори нарх қўлланганини аниқламаган, важлар асоссиз. Ўз навбатида қўмита вакиллари «монопол юқори нарх қўллангани»ни асослантирувчи важларни келтирди. Бироқ, суднинг ҳал қилув қарорда ушбу важлар инобатга олинган ё рад этилгани билдирилмаган», — дейди қўмита вакили Сардор Отамуродов.

Сардор Отамуродов

Судья қўмита вакилларидан «UzAuto Motors» табиий монополия субъектига мансублигини аниқлаштиришни сўради. Сардор Отамуродовнинг айтишича, компания табиий монополия субъекти эмас, балки устун мавқега эга хўжалик юритувчи субъект ҳисобланади.

Табиий монополия субъекти — табиий монополия шароитида товарлар (ишлар, хизматлар) ишлаб чиқариш (реализация қилиш) билан машғул хўжалик юритувчи субъект. Улар алоҳида реестрга киритилган бўлиб, «UzAuto Motors» ишлаб чиқарган товар ижтимоий аҳамиятга эга товарлар рўйхатига киритилмаган.

«Шунга қарамай, улар устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъект бўлгани туфайли, компания томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларга нарх шакллантирилиши давлат томонидан назорат қилинади. Нарх тўғри ё нотўғри шакллантирилиши оқибатида, «монопол юқори нарх» белгиланганини Монополияга қарши курашиш қўмитаси кўриб чиқади», — дейди Отамуродов.

 «UzAuto Motors» вакиллари

«Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг 10 моддаси («Устун мавқени суиистеъмол қилиш»), ҳукуматнинг 249-сонли қарори ва 54-сонли қарорига мувофиқ, Монополияга қарши кураш қўмитаси устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъект томонидан нарх шакллантиришини назорат қилиш ваколатига эга экани билдирилди.

Судлов ҳайъати ҳукуматнинг 239-сонли қарори талаблари юзасидан Монополияга қарши курашиш қўмитаси вакилининг муносабатини сўради. Ушбу қарор билан тасдиқланган низомга кўра, нархларни давлат томонидан тартибга солиш нархлари давлат томонидан тартибга солинадиган ижтимоий аҳамиятли ва стратегик товарлар, нархлари декларация қилинадиган товар ишлаб чиқарувчилар, табиий монополиялар субъектлари томонидан ишлаб чиқариладиган ва сотиладиган товарлар, нархларни тартибга солиш органи билан келишиш ёки Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорларига мувофиқ алоҳида товарларга татбиқ этилиши  баён этилган.           

Қўмита вакилининг айтишича, компаниянинг товарларига нарх давлат томонидан белгиланмайди. Бу нархлар декларация қилинмаслиги, дислокацияси давлат томонидан тасдиқланмаслигини англатади. Шунга қарамай, нархни шакллантириш давлат томонидан назорат қилиниши бекор қилинмаган.

Компания вакили эса нарх бозор қоидаларига мувофиқ белгиланишини таъкидлади. Бу масалада компаниянинг Кузатув кенгаши ваколатли орган бўлиб, нарх кенгаш томонидан тасдиқланиши айтилди. Судда компания манфаатидан иштирок этган компания вакилига кўра, нархни шакллантириш ва белгилашда президент ё ҳукуматнинг алоҳида қарори мавжуд эмас.

Шунга қарамай, судлов ҳайъати апелляция қарорини қабул қилишда, биринчи навбатда, «UzAuto Motors» фаолиятида автомобиллар учун нархни белгилаш сиёсати давлат раҳбари ва ҳукуматнинг алоҳида қарорлари, шу жумладан махфий ҳужжатлар билан тартибга солинишини билдирди.

«Бундай норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар аслида бор. Улар суд муҳокамасига қўйилмагани сабаби уларнинг махфий эканлиги билан боғлиқ. Судлов ҳайъатининг ўзи тегишли рухсатномага эга эканлиги туфайли, ушбу ҳужжатлар билан танишиб чиқиб, шундай хулосага келган. Бундан ташқари, қўмита томонидан асос қилиб олинган ҳукуматнинг 239-сонли қарори, 249- ва 54-сонли қарорлари, тегишли текширишларни ўтказиш бўйича низом талаблари асосида жамиятга нисбатан тафтиш ўтказиш тамойиллари ҳукумат ва давлат раҳбари қарорлари тартибларига мувофиқ келмаган. Ҳужжатлар таққосланганда, қўмитанинг жамият фаолияти юзасидан текшириш ўтказиш ваколатига эга ёки эга эмаслигига ҳуқуқий баҳо берилди», — деди судья.

Судьянинг айтишича, биринчи инстанция суди томонидан йўл қўйилган процессуал хато ва камчиликлар қўпол хатолар бўлмаган.

«Улар аслида техник хатолар бўлиб, суднинг чиқарган қарорига мазмунан таъсир қилмайди», — дея қўшимча қилди судья.

Маълумот учун, 11 декабр куни Тошкент шаҳар маъмурий суди биносида Монополияга қарши курашиш қўмитасининг Тошкент шаҳар маъмурий судининг 2020 йил 30 октябрдаги ҳал қилув қарорига ва унга асосан чиқарилган хусусий ажримига нисбатан киритган шикоятини апелляция инстанциясида кўриш бошланганди.

Мавзуга оид