Жамият | 15:19 / 21.12.2020
15556
5 дақиқада ўқилади

Жиззахда ногаҳон тошган сув: Қулниёз каналининг ўз вақтида тозаланишига нималар тўсиқ бўлмоқда?

Шу йилнинг 2 декабр куни Жиззах шаҳар Раваллиқ маҳалласи ҳудудидан ўтувчи Қулниёз канали тошиб чиқиб хонадонларга сув бостириб кирди. Маҳаллий аҳоли ўзлари дуч келаётган муаммолардан ёзғириб, таҳририятимизга мурожаат қилишди. Биз ушбу мурожаатни ўрганиш учун маҳаллада бўлдик.

Маълум бўлишича, воқеа жойига фавқулодда вазиятлар ҳамда ободонлаштириш бошқармалари ходимлари етиб келишган, тошқин оқибатлари бартараф этилган. Жумладан, тозалаш жараёнида йўлнинг бир қисми тўсилиб, канал устидаги кўприкнинг плиталари олинган.

Қулниёз канали чиқиндиларга тўлиб қолгани, анчадан буён тозаланмагани сабабли тошиб, канал ёқасида яшовчи хонадонларга зарар етказган.

Тошқиндан жабр кўрган маҳалла аҳли кўрган-кечирганларини ҳикоя қилиб беришларича, канал тозаланмаганига икки йилча бўлган. Унинг ичи лойқа ва чиқиндиларга тўлиб қолган, сатҳи кўтарилган. Сув тошиб ҳовлига, томорқаларга, ёрдамчи хўжаликларга, уйларнинг ертўласига кириб кетган. Лой ва гуваладан тикланган иншоотлар сувда ивиб нураган, деворлари ёрилган.

Бугунги кунда ушбу каналдан фермерлар далаларига сув очишда фойдаланишар экан. Маҳалла аҳли фермерлар сув талашиб, ўз даласига сув очиш учун каналга бетон блоклар ташлашганини ҳам таъкидлашди.

Раваллиқ маҳалласидагилар муаммони бартараф этиш юзасидан мутасадди идораларга ҳам мурожаат қилишганини таъкидлаб ўтишди.

Биз ушбу муаммонинг илдизини аниқлаш, масъуллардан изоҳ олиш учун Сирдарё-Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармасига бордик. Саволларимизга каналларга хизмат қиладиган Шароф Рашидов тумани ирригация бўлими масъул ходими Райимжон Эсиргапов жавоб берди.

Р.Эсиргаповнинг ҳикоя қилиб беришича, шу вақатгача нодавлат-нотижорат уюшма бўлган сув истеъмолчилари уюшмаси томонидан каналларни тозалаш амалга ошириб келинган. Уюшмада маблағ йўқ, шу сабабли каналлар асосан ташкилот ва аҳолининг ёрдами билан ҳашар йўли орқали тозаланган.

Шу йилнинг 2 сентябр куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 395-Ф сонли фармойиши ва унга биноан Жиззах вилояти ҳокимининг 7 сентябр куни чиқарилган 163-Ф сонли фармойишига кўра, Жиззах шаҳрини кесиб ўтувчи ирригация тизими каналлари ва суғориш тармоқларини тозалаш ва ободонлаштириш ишлари Жиззах шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги ободонлаштириш бошқармасига ўтказилган. Жумладан, Жиззах шаҳри ҳудудидан ўтувчи Қулниёз бош каналининг 610 метр, Қулниёз суғориш тармоғининг 4,5 километрлик қисми ҳам.

Демак, масала ободонлаштириш бошқармасига бориб тақалмоқда. Шу сабабли кейинги манзилимиз Жиззах шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бўлди. Маълум бўлишича, ҳали бу ишларни тўлиқ ўз тасарруфига олиш учун бошқарма олдидан кўплаб муаммолар кўндаланг бўлиб турибди.

Жиззах шаҳар ҳокимлиги ободонлаштириш бошқармаси бош муҳандиси Ғафур Аҳмедовнинг ҳикоя қилиб беришича, чиндан ҳам азалдан каналлар ҳашар йўли билан тозалаб келинган. Унда шаҳар ободонлаштириш бошқармаси ходимлари ва техникалари ҳам тўлиқ иштирок этган.

«Каналлардаги лойқа ўз йўлига, бироқ чиқиндиларни аҳолининг ўзи ташлайди. Шу Қулниёз каналидан молнинг ўлигини чиқардик. Бориб тозалаганмиз. Тозалаш ишларида ҳам қийинчилик бор. Каналларнинг усти, ён атрофида аҳоли ноқонуний қурилмалар қуриб олишган, дарахтлар экишган. Булар ҳам тозалаш ишларига қийинчилик туғдиради.

Қолаверса, бизда етарли ишчи кучи йўқ. Айниқса, техникаларимиз йўқ. Каналларни тозалашдан кейин чиқиндиларни ташиш учун каттароқ техника керак бўлади. Ирригация тизимлари бўйича мутахассис ҳам керак бўлади. Боз устига, каналлар ёқасидаги ноқонуний қурилмалар ва дарахтларни бартараф этиш ҳам керак бўлади», — деди Ғафур Аҳмедов.

Ободонлаштириш бошқармаси ҳали ишга тўлақонли киришиш учун етарли техника ва ишчи кучига эга эмаслиги ойдинлашмоқда. Айтилишича, Вазирлар Маҳкамаси ва вилоят ҳокимининг фармойишидан келиб чиқиб, зарур таклифлар берилган, энди уни Молия вазирлиги ўрганиб чиқиши талаб этилар экан.

Жиззахда бир қараганда оддий кўринса-да, аслида мураккаб муаммо бор ва у жиддий эътибор талаб этади. Шаҳардаги маҳаллаларни кесиб ўтувчи каналлар чиқинди ва ахлатга тўлиб қолаётганидан кўз юмиб бўлмайди. Бироқ каналларга ўша чиқинди ва ахлатларни асосан фуқароларнинг ўзлари ташлашаётгани мутасаддилар томонидан таъкидлаб ўтилди. Боз устига, фуқаролар канал устига ва унинг муҳофаза зонасига турар ва нотурар бинолар барпо этишган, дарахтлар экишган. Бу эса канални тозалашда жиддий қийинчиликлар келтириб чиқаради.

Айни вақтда каналларни тозалаш учун йўлак ҳам қолмаган. Бунинг учун каналларнинг ҳимоя зонаси очилиб, уларни тозалаш учун техника ва одамлар юриши учун йўлак очиш талаб этилади. Бу эса айрим ноқонуний қурилган бино ва иншоотларнинг бузилишини ҳам тақозо этади.

Албатта, ҳар жабҳада тартиб, интизом ва белгиланган қоидаларга риоя бўлиши керак. Жиззахдаги бу тошқин ҳам бетартиблик самараси эмасми? Масъуллар бу муаммога келгусида қандай ечим топишади? Каналлар ёқаси чиндан ҳам обод бўладими? Улар чиқиндиларга тўлиб қолмайдими? Бунда фуқаролардан ҳам, масъуллардан ҳам виждонан ёндашув талаб этилади. Шундагина уйларимизни ногаҳон сув босмайди.

Шуҳрат Шокиржонов, Kun.uz махсус мухбири.
Тасвирчи: Жаҳонгир Алибоев.

Мавзуга оид