Ўзбекистон | 19:52 / 22.12.2020
4624
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳрининг Аҳмад Дониш кўчасидаги йўл ўтказгичда таъмирлаш ишлари тугатилди

Тошкент шаҳрининг Аҳмад Дониш кўчасидан кичик ҳалқа автомобил йўли, Мискин ва Уста Ширин кўчалари кесишмасидаги автомобиллар учун мўлжалланган йўл ўтказгичда капитал таъмирлаш ишлари якунланиб тўлиқ ҳаракат йўлга қўйилди. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ хабар бермоқда.

«Ушбу йўл ўтказгич 2000 йилда қурилган. Умумий узунлиги 912 метр, эни эса 29 метр, конструкция қисми 660 метр, ёндашиш йўлларининг узунлиги 252 метр бўлган кўприк ишга туширилгандан буён таъмирлаш ишлари амалга оширилмаган. Шу сабабли, йўл ўтказгичнинг қатнов қисмидаги темир-бетон конструкциялар, ғилдирак қайтаргичлар, безак плиталари, металл тўсиқ панжаралари, асфалт бетон қопламалари ҳамда тароқсимон кўринишидаги деформацион чоклари яроқсиз ҳолга келиб қолганди», дейилади хабарда.

Йўл ўтказгични мукаммал таъмирлаш ишларини олиб боришда, асосан, қатнов қисмидаги темир-бетон конструкциялар алмаштирилган ва остки фазосидаги конструкция қисмлари балкалар, ригеллар ҳамда таянч устунлари, темир-бетон қопламаларининг бузилган жойлари қайта тикланган. Йўл ўтказгичнинг қатнов қисмидаги йўлни ажратиб турувчи қуйма бетон блоклар ўрнатилиб, асфалт-бетон қопламаси ётқизилган.

Мазкур йўл ўтказгични таъмирлаш ишлари 2019 йил куз ойларида бошланган ва унга 21 млрд сўм маҳаллий бюджет ҳисобидан ажратиш белгиланган эди. 2019-2020 йиллардаги қиш мавсумида таъмир ишлари тўхтатилганди. Таъмирлаш ишлари тўхтатилиши сабаб ҳайдовчиларга ноқулайлик туғилиши оқибатида кенг жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлган бу кўприк ҳақида Kun.uz сайтида ҳам мақола эълон қилинган эди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид