20:47 / 23.12.2020
4684

2020 йилда тиббиёт ОТМларига ўтган йилгидан 34 фоизга кўп талаба қабул қилинди — Ҳожибоев

2020 йилда Ўзбекистондаги ОТМларнинг тиббиёт йўналишларига 6 мингдан ортиқ талаба ўқишга қабул қилинди. Бу – 2019 йилга нисбатан 34 фоизга кўп.

Бу ҳақда Абдуҳаким Ҳожибоев 2020 йил давлат дастурида соғлиқни сақлаш тизимига юкланган вазифалар ҳақида берган интервьюсида айтиб ўтди.

«Айтиш керакки, сўнгги йилда айниқса тиббий кадрларга бўлган талабни ҳисобга олган ҳолда квоталар оширилди. Жорий йилда 6 мингдан ортиқ талабалар қабул қилинди. Бу ўтган йилга нисбатан 34 фоизга кўпдир», – деди вазир.

Унинг айтишича, Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган 8та тиббиёт олийгоҳлари ва уларнинг филиаллари хорижнинг қатор тиббиёт университетлари билан ҳамкорлик ўрнатган.

«Ҳозирги кунда 20дан ортиқ давлатларнинг тиббиёт университетлари билан ҳамкорлик ўрнатилган. Жумладан, Россия, Украина, Туркия, Ҳиндистон ва бошқа давлатлар.

Бундан ташқари, бир нечта янги тиббиёт институтлари ташкил қилиняпти. Масалан, Жиззах шаҳрида Россиянинг Пирогов номидаги давлат университети билан ҳамкорликда тиббий олийгоҳ ташкил қилиняпти. Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида Туркиядаги таниқли илмий тиббиёт университетининг филиали очилиши бўйича ишлар олиб борилаяпти. Бу жараёнлар давом этяпти», – деди Ҳожибоев.

Вазир ўрта тиббиёт кадрларини тайёрлаш масаласига ҳам тўхталди.

«Ўрта тиббиёт ходимларини тайёрловчи тиббиёт коллежларида ҳам катта ўзгаришлар амалга оширилди. Давлат раҳбари қарорлари асосида улар Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумларига айлантирилди. Ана шу 47та техникумга жорий йилда 60 мингдан ортиқ талабалар қабул қилинди.

Уларнинг нафақат номи ўзгарди, балки ўқув дастурларига ҳам ўзгартиришлар киритилди. Жумладан, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини татбиқ қилиш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, тўғри овқатланиш тамойилларини киритиш, жисмоний фаоллик ва турли хил зарарли одатлардан қутилиш каби йўналишлар бўйича дастурларга киритилган ва уларни ҳозирда амалиётга татбиқ этиш бошланди», – деди соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Ҳожибоев.

Top