Жаҳон | 08:14 / 23.12.2020
2391
2 дақиқада ўқилади

Исроилда 2 йил ичида 4-марта муддатдан аввал парламент сайловлари бўлиб ўтади

Фото: ShutterStock

Исроил парламенти Кнессет 2021 йил учун давлат бюджетини тасдиқлаш муддати ўтиб кетгани сабабли автоматик тарзда тарқатиб юборилди. Исроил қонунчилигига кўра, энди парламентнинг янги таркиби учун сайловлар 23 март куни ўтказилиши керак. 

“Мен барчани вазиятни авж олдиришдан тийилишга ва сайлов кампанияси тартибли ва зўравонликларсиз ўтиши учун барча ишни қилишга чақираман”, деб айтган Кнессет спикери Ярив Левин. Шу тариқа, Исроилни 2 йил ичида 4-муддатдан аввал парламент сайловлари кутмоқда. 

Исроилда сиёсий инқироз 2019 йилдан бери давом этмоқда. Мамлакатда шу вақт ичида 3 марта сайловлар ўтказилган ва уларнинг барчасида ўнг ва сўл партиялар парламентда деярли бир хил сонда ўринлар олган. Бу эса ҳукуматни шакллантиришга тўсқинлик қилган. 

2020 йил мартида ўтган сайловлардан кейин бош вазир Бинямин Нетаняхунинг “Ликуд” ва бош штабнинг собиқ бошлиғи Бени Ганцнинг “Кахол-Лаван” партиялари таркиби алмашиб турувчи ҳукуматни шакллантириш бўйича музокаралар ўтказган. Шундан кейин Кнессет янги коалицион ҳукумат таркибини тасдиқлаган. Келишувга кўра, дастлаб Нетаняху, кейин эса Ганц 18 ойга бош вазир лавозимини эгаллаши керак бўлган. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид