Ўзбекистон | 19:02 / 24.12.2020
3746
3 дақиқада ўқилади

«Чекловлар «Миллий электр тармоқлари» АЖ томонидан жорий этилмоқда», Қашқадарё ҲЭТК Чироқчида 16 соатгача чироқ ўчирилаётганига муносабат билдирди

Кеча, Kun.uz сайтида «Чироқчида бир суткада 16 соатгача чироқ ўчирилаётгани маълум қилинди» сарлавҳаси билан Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан Чироқчи туманида ўтказилган мониторинг натижалари эълон қилинган эди.

Бугун «Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари» АЖ матбуот хизмати шу хабарга муносабат билдирди. Унда ёзилишича, «Миллий электр тармоқлари» АЖга қарашли диспетчерлик хизматлари томонидан Яккабоғ-1, Яккабоғ-2, Шаҳрисабз юқори кучланишли ҳаво электр узатиш тармоқларини чеклашга ўчирилиши ёки аварияга қарши автоматика тизимларини ишга тушиши оқибатида Чироқчи тумани электр таъминотида чекловлар юзага келган.

«Kun.uz сайтида «Чироқчида бир суткада 16 соатгача чироқ ўчирилаётгани маълум қилинди» сарлавҳали Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси матбуот хизмати хабари эълон қилинди.

Ушбу ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз:

Ягона энергетика тизимида қувват танқислиги ҳолатлари юзага келганлиги сабабли ягона энергетика тизимида турғун иш режимини сақлаш, содир бўлиши мумкин бўлган аварияларнинг олдини олиш мақсадида «Миллий электр тармоқлари» АЖга қарашли диспетчерлик хизматлари томонидан юқори кучланишли ҳаво электр узатиш тармоқларида электр энергиясини чеклаш ҳолатлари кузатилмоқда.

Бунинг оқибатида вилоятимиздаги айрим истеъмолчиларни электр энергияси билан таъминлаш имкони бўлмаяпти. Хусусан, Яккабоғ-1, Яккабоғ-2, Шаҳрисабз юқори кучланишли ҳаво электр узатиш тармоқларини «Миллий электр тармоқлари» АЖга қарашли диспетчерлик хизматлари томонидан чеклашга ўчирилиши ёки аварияга қарши автоматика тизимларини ишга тушиши оқибатида Чироқчи тумани электр таъминотида чекловлар юзага келган.

Электр таъминотида чекловлар кузатилаётгани ва унинг сабаблари юзасидан Энергетика вазирлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлар томонидан ОАВ орқали тегишли изоҳлар берилган. Шундай бўлсада, электр таъминоти бўйича билдирилаётган эътироз ва норозиликларни бартараф этиш мақсадида «Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари» АЖ томонидан вилоятимизга ўрнатилаётган электр энергияси етказиб бериш лимитларини оширишга амалий ёрдам сўраб мутасадди ташкилотларга мурожаат этиб келинмоқда», дейилади муносабатда.

 

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид