Ўзбекистон | 09:08 / 25.12.2020
16689
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда ўзаро жанжал вақтида ўғлини ҳимоя қилган ота вафот этди

2020 йилнинг 22 ноябр куни соат 16:00да Ҳусниддин Р. Қашқадарё вилояти Косон тумани “Пахтазор” МФЙда жойлашган озиқ-овқат маҳсулотлари бозорчаси ёнида 24 ёшли Миролим Б.ни кўриб қолиб, ўрталарида бўлган ўзаро адоват сабабли унга қасддан тан жароҳати етказиб, қасд олиш мақсадида ушбу жанжалга акалари 22 ёшли Руҳиддин Р., Озодбек Р. ва бошқаларни жалб қилган.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, бундан хабар топган Миролим Б. ўзининг яқин қариндошларини ёрдамга чақиргани учун ҳодиса жойига етиб келган отаси, 57 ёшли Маҳмуд М., акаси 27 ёшли Миржалол Б., ва поччаси 35 ёшли Жамшид М. ушбу жанжалнинг олдини олиб, бартараф қилмоқчи бўлганида, Ҳусниддин Р., Руҳиддин Р., Озодбек Р. ва бошқалар бир гуруҳ бўлиб, совуқ қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган ашёларни ишлатиб, ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариб яқин қариндоши бўлган Миролим Б.ни ҳимоя қилиб, жанжалнинг олдини олмоқчи бўлган фуқаро Маҳмуд М., унинг ўғиллари Миржалол Б., Миролим Б. ва Жамшид М.нинг турли жойларига қасддан уриб, турли даражада тан жароҳатлар етказган.

Оқибатда Маҳмуд М., Миржалол Б., Миролим Б. ва Жамшид М. турли даражадаги тан жароҳатлари билан Косон тумани тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 104-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. 

Дастлабки тергов жараёнида Ҳусниддин Р., Озодбек Р. ва Руҳиддин Р.га нисбатан Жиноят кодекси 104-моддаси 2-қисми “б, к, л” бандлари билан айблов эълон қилиниб, Ҳусниддин Р., Озодбек Р.га нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги, фуқаро Руҳиддин Р.га нисбатан “гаров” эҳтиёт чораси қўлланилган.

Шифохонада кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан, фуқаро Маҳмуд М. олган тан жароҳати туфайли жорий йилнинг 11 декабр куни шифохонада вафот этган.

Жиноят иши Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми “б, к, л” бандларидан Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “д” бандига қайта малакаланган.

Ҳозирда жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда, дейилади Тергов департаменти маълумотида. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид