16:34 / 25.12.2020
7718

Трамп маъмурияти қатл этишлар сони бўйича рекорд ўрнатмоқда

Амалдаги президент даврида федерал ҳукумат охирги 125 йил ичидаги энг кўп маҳкумни қатл этди.

Фото: Reuters

АҚШ тарихида биринчи марта охирги бир йил ичида федерал ҳукумат барча 50та штат қатл этганлар сонидан ҳам кўпроқ маҳкумни қатл этган.

 Американинг Ўлим жазолари бўйича ахборот маркази ўз ҳисоботида маълум қилишича, охирги бир йилда барча штатларда еттита қатл ижро этилган бўлиб, бу охирги 37 йил давомидаги минимум кўрсаткич ҳисобланади. Аммо федерал ҳукумат 10 кишини қатл этган. Жозеф Байденнинг инаугурация маросимигача улар сони 13 нафарга етиши мумкин.

"Бунча миқдордаги федерал қатллар 1896 йилда, Гровер Кливленднинг иккинчи президентлиги даврида амалга оширилган", — дейди марказ ижрочи директори Роберт Данэм CNN билан суҳбатда.

Ҳозирда АҚШда 2591 киши, улардан 52 нафари федерал даражадаги ўлим ҳукми ижросини кутмоқда. Одатда олий жазога маҳкум қилинганлар бир кишилик камерада ўртача 11 йил ўтиради. Бу муддат барча апелляциялар ва афв этиш тўғрисидаги илтимосномаларни кўриб чиқиш учун етади.

Top