Ўзбекистон | 22:03 / 29.12.2020
11695
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда коронавирусга қарши вакцина билан эмланганлар сони маълум қилинди

Бугунги кунда коронавирусга қарши ZF 2001 вакцинасининг III босқич синовлари доирасида вакцина олган фуқаролар сони 830 кишини ташкил этмоқда.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги

Хитойда ишлаб чиқарилган коронавирус рекомбинант вакцинасининг 18 ёшдан юқори бўлган инсонлардаги синови давом этмоқда.

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар марказининг Kun.uz мухбирига хабар беришича, 29 декабр ҳолатига кўра Ўзбекистонда 830 нафар кўнгилли мазкур вакцина билан эмланди.

Эмланганлар сони 28 декабр куни 151 кишини, 29 декабрда эса энг кўп натижа қайд этилиб, 191 нафар кишини ташкил этди.

Аввалроқ 400 нафардан ортиқ кўнгилли Covid-19’га қарши вакцина билан эмлангани хабар қилинганди.

Ушбу вакцина тадқиқоти бутун дунё бўйича бир неча марказларда 29 минг нафар кўнгилли иштирокчиларни қамраб олади.

Маълум қилинишича, Хитойдаги кўнгиллиларда вакцинанинг хавфсизлиги ва иммуногенлиги текширилади. Мамлакатдан ташқаридаги давлатларда эса вакцинанинг хавфсизлиги, ҳимоявий самарадорлиги ва иммуногенлиги ўрганилади.

Бугунги кунга келиб, ушбу вакцинанинг 1- ва 2-босқич клиник тадқиқотлари ўтказилган бўлиб, унинг хавфсизлиги тасдиқланган.

Вакцина синовлари учун кўнгиллилар танлови давом этмоқда. Унда иштирок этишни истовчилар рўйхатдан ўтишлари мумкин. 

Эслатиб ўтамиз, клиник синовлар хитойлик мутахассислар иштирокида Тошкент шаҳридаги 3 та поликлиникада ўтказилмоқда. Вакцина билан 5000 нафар кўнгилли эмланиши режалаштирилган.

Мавзуга оид