Жаҳон | 23:50 / 30.12.2020
10352
2 дақиқада ўқилади

АҚШ разведкаси Эрон Американинг Яқин Шарқдаги кучларига зарба беришга тайёрланаётганини тахмин қилмоқда

Аввалроқ АҚШ Яқин Шарққа B-52 стратегик бомбардимончи самолётларини жўнатганди.

Фото: REUTERS, Nazanin Tabatabaee/WANA

АҚШ разведка хизматлари Теҳрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг “Ал-Қудс” махсус бўлинмаси қўмондони, генерал Қосим Сулаймонийнинг ўлими учун қасос олиш мақсадида Американинг Яқин Шарқдаги кучларига зарба беришга тайёрланаётганини тахмин қилмоқда. Бу ҳақда Fox News телеканали хабар берди.

Телеканал манбаларининг сўзларига кўра, Пентагон Эрон “ушбу қотиллик учун ўч олмоқчи” эканлиги тўғрисидаги маълумотларга эга.  

Қайд этилишича, АҚШ разведка хизматлари Эрон Америка кучлари ёки Вашингтоннинг бошқа мамлакатлардаги иттифоқчиларига ҳужум уюштириши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Манбанинг аниқлик киритишича, бу борада “Ироқ энг катта хавотир уйғотмоқда”.

 Телеканалнинг маълумот беришича, айнан мана шу хавотир боис АҚШ Яқин Шарққа B-52 стратегик бомбардимончи самолётларини жўнатган.

 СЕНТКОМ раҳбари генерал Фрэнк Маккензининг таъкидлашича, Қўшма Штатлар Яқин Шарқда америкалик фуқаролар ёки мамлакат манфаатларига қарши қаратилган “ҳар қандай тажовузга жавоб беришга тайёр”.

 Аввалроқ АҚШ ҳарбий денгиз кучларига қарашли атом сувости кемаси ва иккита ракета крейсери Форс кўрфазига кирганди.

 

Мавзуга оид