08:30 / 31.12.2020
4679

«Самарқандйўлкўкалам» атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаб, эрозиянинг олдини оляпти

Фото: Самарқандйўлкўкалам

Нуробод туманининг аксарият қисми қир-адирдан иборат бўлгани учун ҳам аҳоли манзарали ва мевали дарахтларни кам экишади. Катта йўл ёқаси ҳам кўкаламзорлаштирилганига, манзарали дарахтларга гувоҳ бўлавермайсиз.

«Самарқандйўлкўкалам» унитар корхонаси ушбу ҳудудда хайрли ишни бошлади. Хусусан, Қашқадарёдан Самарқандга кириб келаверишда Нурободнинг йирик маҳаллаларидан бири «Жом» бошланади. Шу кунларда ушбу маҳалладан ўтар экансиз, халқаро аҳамиятдаги йўл ёқасида сувсизликка чидамли манзарали дарахтлар экилганини кўришингиз мумкин.

«Катта йўл ёқаси айниқса, ёзнинг иссиқ кунларида хас-хашак ва ёввойи ўтларнинг ўсиб кетганидан файзсиз бўлиб кўринарди. Қанча тозалашга, ободонлаштиришга ҳаракат қилмайлик, яна эски ҳолат такрорланаверарди. Мана энди маҳалламиз ҳудудидан ўтган халқаро йўл ёқаси обод бўлди, минглаб дарахтлар қишлоғимизга кўрк бериб турибди. Ушбу дарахтларнинг барчаси кўкариб, амал олишида «Самарқандйўлкўкалам» унитар корхонасига ёрдам беришга тайёрмиз» деди «Жом» маҳалласи раиси Бахтиёр Қиличев.

Халқаро аҳамиятдаги А-378 «Самарқанд-Ғузор» автомобил йўлининг 58 км қисмида лаборатория хулосаларига асосан 2000 дан ортиқ сувсизликка чидамли манзарали дарахт кўчатлари экилди ва ушбу ишлар тизимли равишда давом эттирилади. Ушбу кўчатлар атроф-муҳитнинг мусаффолигини таъминлаш, глобал иссиқлик муаммосини камайтириш, ободонлаштириш ҳамда автомобил йўлларини эрозиядан ҳимоя қилишда қўл келади. Энг асосийси, йўлдан фойдаланувчиларга қулай шароит яратилади. Бундан ташқари, автомобил йўлларига туташ ҳудудларни транспорт воситалари томонидан атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтиришда ва ҳар хил ташланмалардан ҳам ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади.

Яна бир гап. Мазкур автомобил йўлининг 6 кмда жойлашган айлана транспорт ечимида миллий меъморий ландшафт дизайнини яратиш мақсадида «Самарқандйўлкўкалам» унитар корхонаси томонидан баландлиги 14 метр, ён-атрофида тарихий обидаларимизнинг кичрайтирилган нусхалари (Регистон, Бухородаги Арк қаъласи, Амир Темур мақбараси, Кўксарой ва Шоҳи Зинда мажмуаси) ҳамда Буюк Ипак йўлига ишора қилувчи 11 дона туялар карвонидан иборат мажмуа ҳам барпо этилди.

«Корхона ташкил топганига қисқа вақт бўлишига қарамасдан, вилоят ҳудудидаги автомобил йўллар четига экилган дарахт ва бута кўчатлари бўй чўзиб, ўз кўркини намойиш қила бошлади. 2021 йил давомида Самарқанд вилояти умумий фойдаланишдаги автомобил йўлларини кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш мақсадида вилоят ҳокимлиги раҳбарлиги билан баҳор мавсумда 17 000 дона манзарали дарахт кўчатларини экиш ишларини олиб бориш учун дастлабки манзилли рўйхат шакллантирдик. Куз мавсумида экиладиган манзарали дарахт кўчатлари манзил рўйхатларини шакллантириш ишларига тайёргарлик олиб борилмоқда. Шунга асосан Нуробод, Каттақўрғон, Булунғур, Паст Дарғом, Қўшработ ҳамда Пайариқ туманлари ҳудудидан ўтувчи автомобил йўлларининг  ёқасида манзарали кўчатлар экиш кўзда тутилмоқда» дейди «Самарқандйўлкўкалам» унитар корхонаси раҳбари Азиз Ражабов.

Корхона томонидан ёшларни иш билан таъминлашга ҳам алоҳида эътибор бериляпти. Ҳозирги вақтда ишчи-ходимларнинг 37 нафари 30 ёшгача бўлган  ёшлардан иборат. Ходимлар орасида «Темир дафтар» рўйхатида турувчи беш нафар ишчилар ҳам бор. Уларга корхона томонидан доимий равишда моддий ёрдам ва кўмак бериб келинмоқда.

Top