Жаҳон | 18:00 / 06.01.2021
8760
6 дақиқада ўқилади

Жоржияда Уорнок ва Оссофф устун келмоқда. Сенат демократлар қўлига ўтиши ойдинлашмоқда

5 январ куни Жоржия штатида ўтказилган овоз бериш жараёни АҚШ Сенатидаги устунлик учун ҳал қилувчи кураш бўлди. Сенатдаги икки ўрин учун аёвсиз кураш кечмоқда. Ҳозиргача бюллетенларнинг 98 фоиздан ортиғи ҳисоблаб чиқилди.

Атлантадаги сайлов участкасида / Reuters

Америка телеканаллари ва Associated Press агентлиги хабар беришича, демократлар номзоди Рафаэл Уорнок 50,6 фоиз овоз олиб ғолиб бўлади, аммо ҳозирча натижа расман тасдиқланмади.

Демократларнинг иккинчи номзоди Жон Оссофф эса видеомурожаат билан чиқиб, ўз ғалабаси ҳақида гапирди. «Мен Жоржия халқига мени Қўшма Штатлар сенатида хизмат қилишга сайлашгани учун миннатдорчилик билдираман», деган у. Унинг ғалабаси ҳам ҳали расман тасдиқланмади.

Бу сайловларни мониторинг қилган Edison Research компанияси хабарига кўра, бюллетенларнинг 98 фоизи ҳисоблаб чиқилган ҳолатда демократ Жон Оссофф 50,2 фоиз овоз олмоқда, республикачи Дэвид Пердью эса - 49,8 фоиз. Овозлар сонидаги фарқ тахминан 16 мингтани ташкил этмоқда. Associated Press ҳам шунга яқин рақамларни келтирган.

Оссоффнинг сайловолди штаби ғалаба яқинлигини маълум қилган. «Ҳали ҳисобланмаган овозлар Жон устунлик қилган округларда берилган», деган унинг кампанияси раҳбари Эллен Фостер.

Агар 33 ёшли Жон Оссофф чиндан ҳам ғалаба қилса, у АҚШдаги энг ёш сенаторга айланади.

Ўз навбатида Дэвид Пердьюнинг штабидагилар ҳам ғалаба ҳақида айтмоқда.

Штат давлат котиби Брэд Раффенспергернинг хабар қилишича, сайловлар ғолиблари чоршанба куни тушдан кейин, Тошкент вақти билан 6 январ куни соат 10лар атрофида аниқ бўлиши кутилмоқда.

Бу штатда ноябрдаги сайловларда ғолиб аниқланмагани туфайли иккинчи тур белгиланганди - штат қонунчилигига кўра ғалаба учун 50+1 фоиз овоз талаб этилади.

Экзит-полларга кўра, Жоржиядаги сайловчиларнинг тахминан 49 фоизи республикачиларни, 48 фоизга яқини демократларни қўллаб-қувватлайди.

Бу сафарги овоз бериш демография президентлик сайловларидаги ҳолатни қарийб такрорламоқда. Штатдаги жами сайловчиларнинг 29 фоизини қора танли сайловчилар ташкил этади. Бу тоифанинг 90 фоизи Демократик партияни қўллайди.

Республикачилар оқ танли аҳоли яшайдиган жойларда кўп овоз олмоқда. Шу билан бирга, сўровларнинг кўрсатишича, Трампга овоз берганлар бу сафар ҳам ўз овозларини республикачи сенаторлар Леффлер ва Пердьюга беришмоқда, ноябрдаги сайловда Байденга овоз берганлар ҳам Сенат учун сайловларда демократларнинг номзоди бўлган Уорнок ва Оссоффга овоз беришмоқда.

Сенатдаги устунлик учун кураш
АҚШда расман 3 ноябр куни якунланган овоз бериш жараёни амалда январ ойи бошигача давом этди: сешанба куни Жоржия штати сайловчилари икки етакчи сиёсий кучдан қайси бири сенатни назорат қилишини, яъни Жо Байденнинг президентлиги қандай кечишини ҳал қилиш учун овоз беришди.

Сенатда республикачилар устунликни сақлаб қолиши ёки демократлар юқори палатани ҳам назоратга олиши овоз бериш натижаларига боғлиқ, агар икки ўрин ҳам демократларга насиб қилса, Жо Байденда ўз қонунчилик ташаббусларини ҳаётга татбиқ этиш учун кенг имкониятлар пайдо бўлади.

Ўтган йилнинг ноябрида Жоржияда сенатдаги ўринлар учун сайловда ғолиблар аниқланмаганди - номзодларнинг ҳеч бири 50+1 фоиз овозга эга бўла олишмаган ва иккинчи тур ўтказиладиган бўлганди. Шу туфайли Сенатда қайси партия устунлик қилиши масаласи ҳамон очиқ қолмоқда.

Кимлар мандат учун курашмоқда?
Сенатдаги кучлар нисбати янги президентнинг исталган қарори қабул қилиниши ёки рад этилишини белгилайди.

Рафаэль Уорнок (ўнгда) ва Жон Оссофф - демократларнинг номзодлари / Getty Images

Ҳозирда Конгресснинг Вакиллар палатаси демократларга тегишли, аммо юқори палатада республикачилар 100 ўриндан 50тасига эгалик қилишади.

Демократларда ҳозирча 48 ўрин бор, айнан Жоржиядаги сайловлар қарор қабул қилиш ҳуқуқи кимга тегишини белгилаб бериши керак.

Агар штатдаги сайловда демократларнинг вакиллари устун келишса, кучлар нисбати 50га 50 кўринишини олади, бу ҳолда ҳал қилувчи овоз вице-президент Камала Ҳаррисда бўлади, натижада демократларнинг исталган ташаббуслари маъқуллаш учун кўп овоз олиши кафолатланади.

Сенатдаги ўринлар учун ҳозирда амалдаги республикачи-сенаторлар Келли Леффлер ва Дэвид Пердью демократларнинг вакиллари Жон Оссофф ва Рафаэл Уорнок кураш олиб боришмоқда.

Уорнок - баптистларнинг Эбенезер черкови пастери, бу ерда ўз вақтида кичик Мартин Лютер Кинг хизмат қилган. Оссофф - ҳужжатли филмлар продюсери ва тадқиқотчи журналист. Унинг отаси ўз вақтида СССРдан келган муҳожир.

Келли Леффлер ҳеч қачон сайловларда иштирок этмаган: у штат губернатори Брайан Кемп томонидан соғлиги туфайли истеъфога чиққан Жонни Айзаксон ўрнига сенатор этиб тайинланганди.

Келли Леффлер ва Дэвид Пердью - республикачиларнинг номзодлари / Reuters

Президент Трамп ва маъмурият вакиллари ўшанда бўш қолган ўринга республикачи-конгрессмен Даг Коллинз тайинланиши учун уринишганди.

Аммо штат губернатори Леффлерни танлади, у Республикачилар партияси донорларидан бири ҳисобланади, Америка нашрлари маълумотига кўра, у сайлов кампанияси учун ўз ҳисобидан камида 20 млн доллар сарфлаган.

Сайловлар натижалари нима учун ноябрдаёқ эълон қилинмаганди?
Дастлабки баҳсда Пердью ва Оссоффнинг ҳеч бири 50 фоизлик довондан ўта олмаганди: амалдаги республикачи сенатор 49,7 фоиз, демократлар вакили эса 48 фоиз овоз олганди.

Январ ойи бошига келиб вазият ўзгарди, социологик хизматларга кўра, бу сафар демократлар вакили пойгада кичик устунлик билан етакчилик қилмоқда.

Оссофф ўз рақибини бир фоизга яқин фарқ билан ортда қолдирмоқда: 49,3 фоизга 48,5 фоиз. Ўз навбатида, Уорнок Леффлердан қарийб икки фоизга олдинга чиқиб кетган - 49,8 фоизга 48 фоиз.

Социологлар рекорд даражадаги давомат кузатилаётганини қайд этишган: Жоржияда сайлов участкалари очилишидан олдин 3 миллиондан ортиқ сайловчи масофадан овоз бериб бўлганди.

Аммо, қонунчиликка кўра, овозларни ҳисоблаш сайлов участкалари ёпилганидан сўнг бошланади. Худди шу вақтда АҚШдан ташқаридаги фуқаролар томонидан почта орқали юборилган бюллетенларни ҳисоблаш ҳам бошланади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид