Ўзбекистон | 16:00 / 06.01.2021
6726
3 дақиқада ўқилади

Олмалиқ кон-металлургия комбинати 2020 йилда 821 млн долларлик маҳсулот экспорт қилди

Фото: ОКМК

Дунёдаги глобал пандемия шароитига қарамай, Олмалиқ кон-металлургия комбинати томонидан 2020 йилда белгиланган барча ишлаб чиқариш кўрсаткичлари ортиғи билан бажарилди.

Жумладан, комбинат томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг экспорт режалари ҳам ортиғи билан уддаланди.

Ўтган йили 80000 тонна мис катоди экспорт қилиниши белгиланган бўлса, амалда Хитой ва Туркия давлатларига 93580 тонна маҳсулот жўнатилиб, режа 117 фоизга бажарилди.

Йилдан йилга талабгир бўлиб бораётган комбинатнинг мис қувурлари экспортида ҳам қувонарли натижалар қайд этилди.

3800 тонна мис қувурлари экспорти режалаштирилган бўлса, амалда Туркия, Россия Федерацияси, Беларус, Қозоғистон, Болгария, Озарбойжон, Қирғизистон ва Украина давлатларига 3994 тонна мис қувурлари экспорт қилинган. Режа 105,1 фоизга бажарилган.

Ўтган 2020 йилда 35 минг тонна сульфат кислотаси экспорт қилиниши белгиланган бўлиб, амалда эса қўшни Қозоғистон республикасига 53462 тонна сульфат кислотаси юборилган ҳолда режа 152,7 фоизга уддаланди.

Режа бўйича 6000 тонна мис купороси Польша, Украина, Беларус, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Индонезия давлатларига экспорт қилиниши белгиланган эди. Амалда эса 8351 тонна мис купороси жўнатилиб, режа 139,2 фоизга бажарилган.

Молибден металлининг асосий харидори бўлган Нидерландия давлатига ушбу маҳсулотдан 686 тонна етказиб берилди ва режавий вазифа 110,6 фоизга бажарилди. Режа бўйича 620 тонна белгиланган эди.

Қўрғошин маҳсулотлари экспорти -113,4 фоизга бажарилган. Ушбу маҳсулотнинг асосий импортёри Қозоғистон Республикаси ҳисобланади.

Рений металлининг экспорт режаси 220,8 фоизга, селен металлининг экспорти 160 фоизга бажарилди. Ушбу нодир металлар бугунги кунда асосан Россия ва Хитойга экспорт қилинади.

2020 йил давомида 185544 тонна портланд цемент ва цемент Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон, Афғонистон давлатларига экспорт қилинди.

ОКМК томонидан 2020 йилда хорижий харидорларга жами 821 млн 364 минг АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотлар экспорти амалга оширилиб, режавий вазифа 101,4 фоизга бажарилди.

ОКМК Ахборот хизмати

Мавзуга оид