Жамият | 11:38 / 06.01.2021
13208
2 дақиқада ўқилади

«Улар ишламагани учун одамлар ижтимоий тармоқларда мурожаат қилишга мажбур бўляпти» - Сенат раиси ҳоким ва депутатларни танқид қилди

Сенат раиси Танзила Норбоева видеоконференцалоқа шаклида ўтказилаётган ўн биринчи ялпи мажлисда маҳаллий кенгашлар 2021 йилдаги фаолиятида эътибор қаратиши керак бўлган масалаларга тўхталиб ўтди.

Фото: Сенат матбуот хизмати

«Бугунги кунгача маҳаллий давлат бошқарув органларининг 25дан ортиқ масалаларда маҳаллий кенгашларда ҳисобот бериши белгилаб қўйилган, буни ҳамма маҳаллий кенгашлар яхши билади. Шундай экан, бу масала маҳаллий кенгашнинг иш режасида тўлиқ акс эттирилиши мақсадга мувофиқдир. Бунда иш режалар ҳудудларнинг хусусиятидан келиб чиқиб белгиланади.

Иккинчидан, маҳаллий кенгаш бюджетни тасдиқлаб берувчи эмас, балки бюджетни ижрога йўналтирувчи органга айланиши кун талабидир», деди сенат раиси.

Шунингдек, Танзила Норбоева маҳаллий кенгаш депутатларини халқ билан ишлаб, уларнинг муаммоларига ечим топиш ёки ҳуқуқий тушунтириш беришга чақирди.

«Жуда кўп мурожаатлар бўлади, баъзилари ҳуқуқий асоси йўқ ва нотўғри мурожаатлар ҳам бўлади. Халқимиз тушунмаслиги мумкин, буни эринмасдан тушунтириб бериш керак. Мана шу ишлар қилинмагани учун булар ижтимоий тармоқларга чиқиб кетяпти. Ижтимоий тармоққа чиқиб, мурожаат қилиш урф бўляпти.

Қани ҳоким, депутат ва сектор раҳбари? Нега фуқаролар президент ёки бошқа амалдорларга ижтимоий тармоқларда мурожаат қиляпти? Демак, ана шу [маҳаллий] органларнинг иши қониқарсиз бўлгани учун одамлар шунга мажбур бўляпти.

Бир нарсани тўғри тушунишимиз лозим, ҳал этилмаган ёки тўғри тушунтирилмаган ҳар қандай масала ижтимоий кайфиятга салбий таъсир этади», деди Танзила Норбоева.

Мавзуга оид