22:50 / 07.01.2021
4637

Трампнинг Facebook ва Instagram’даги саҳифалари номаълум муддатга блоклаб қўйилди

АҚШ президенти Доналд Трампнинг Facebook ва Instagram’даги саҳифалари номаълум муддатга, камида президентлик муддати якунлангунгача блоклаб қўйилди. Бу ҳақда Facebook асосчиси Марк Цукерберг маълум қилди.   

Фото: EPA-EFE/Chris Kleponis/POOL

Цукербергнинг таъкидлашича, “охирги 24 соат ичида АҚШда юз берган карахтга солувчи воқеалар” Трамп президентлик муддатининг қолган қисмини сайланган президент Жо Байденга ҳокимиятнинг тинч ва қонуний йўл билан топширилишига путур етказиш учун қўллаши мумкинлигини кўрсатди.

“Фикримизча, агар биз президентга қолган вақт давомида (Жо Байденнинг инаугурациясигача) хизматларимиздан фойдаланишига рухсат берсак, хавф даражаси юқори бўлади. Шу сабабли биз унинг Facebook ва Instagram’даги саҳифаларининг блокланишини ҳокимиятнинг тинч топширилиши якунланмагунгача номаълум муддатга, камида 2 ҳафтага узайтирамиз”, деб таъкидлаб ўтган Цукерберг. 

Аввалроқ Трампнинг Facebook ва Instagram’даги саҳифалари охирги суткада президентнинг тарафдорлари иштирокида Вашингтонда юз берган тартибсизликлар ортида 24 соатга блоклаб қўйилганди ва уларда жойлаштирган видеолари ўчириб ташланганди.

Top