Ўзбекистон | 22:40 / 08.01.2021
25947
2 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистонда қоғоздаги тендерлар эраси тугади» – молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқов

2021 йилдан тендерлар онлайн бўлади. Янги таҳрирдаги «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси парламент томонидан кўриб чиқилмоқда.

Танлов ва тендерлар ўтказишдаги очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида жорий йилдан бошлаб, тендерлар тўлиқ электрон шаклда ўтказилади. Бу ҳақда Молия вазирининг ўринбосари Одилбек Исоқов Халқаро пресс-клуб сессиясида маълумот берган.

Одилбек Исоқовга кўра, давлат ташкилотлари харажат ва даромадларидаги очиқликни таъминлаш мақсадида янги таҳрирдаги «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси тайёрланиб, муҳокама учун парламентга  юборилди. Эндиликда корпоратив буюртмачиларнинг харидларини ҳам очиқ ахборот порталига жойлаштириб бориш режа қилиняпти.

2020 йил 29 декабрдаги Президент Шавкат Мирзиёевнинг парламентга мурожаатномасида давлат харидларида атиги 4 фоиз тадбиркор қатнашаётгани, келгуси йилда 24та йирик давлат корхонасига давлат хариди бўйича очиқ-ошкора талаблар жорий этилиши маълум қилинганди.

2021 йилда илк ташкил этилган ялпи мажлисда ҳам Сенат раиси давлат харидлари соҳасидаги коррупцион ҳолатлар ва шу каби муҳим масалаларда Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг фаолиятини танқид қилган, парламентда агентликнинг ҳисоботини доимий тарзда эшитиб бориш тизимини йўлга қўйишни таклиф этганди.

Янги таҳрирдаги «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси 8 октябр куни парламентга киритилган. Молия вазирлиги бошқарма бошлиғи Гулнора Раҳимова эса қонун лойиҳасида назарда тутилган ўзгаришлар ва янгиликлар ҳақида Kun.uz'га гапириб берганди.

Алишер Рўзиохунов
Тайёрлаган Алишер Рўзиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид