Ўзбекистон | 11:13 / 08.01.2021
14469
1 дақиқада ўқилади

Тошкентда очиқ осмон остидаги муз майдони очилди

Жорий йилнинг 7 январ куни Алишер Навоий номидаги давлат академик катта театри олдида очиқ осмон остида қурилган муз майдонининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Тадбирни Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва бошқа мутасаддилар очиб беришди. Муз майдони очилишида бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимовнинг нутқи ўқиб эшиттирилди. Унда айтилишича, майдонча бир ой муддатга ўрнатилган ва шу вақт давомида бу ерда ҳар куни турли кўнгилочар томошалар, шоулар, болалар учун қизиқарли спорт тадбирлари намойиш этилади. Бу ташаббус соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва туризмни ривожлантириш мақсадида йўлга қўйилмоқда.

Ҳар кунлик томоша дастурларини кўриш истагидаги ва шахсий конькига эга бўлган музда учиш ишқибозлари учун майдонга кириш бепул. Майдон олдида музда учишга мўлжалланган аксессуарлар ижараси хизмати ҳам йўлга қўйилди.

Очилиш маросимида республиканинг муз спорти юлдузлари ҳамда россиялик фигурали учиш бўйича олимпия чемпиони Алексей Ягудин иштирок этди.

Мавзуга оид