Жаҳон | 12:50 / 08.01.2021
13105
8 дақиқада ўқилади

Трамп муддатидан олдин президентликдан четлатилиши мумкинми? 25-тузатиш қандай ишлайди?

6 январ куни Вашингтонда АҚШ президенти Дональд Трампнинг минглаб тарафдорларига мурожаатидан сўнг Конгрессда содир бўлган воқеалар президентни лавозимидан четлатиш ва унга нисбатан айблов эълон қилиш ҳақидаги яна бир муҳокамани кун тартибига олиб чиқди.

Трамп тарафдорларининг Конгрессга ҳужумидан сўнг, айрим сенаторлар уни 20 январдан аввал президентлик лавозимидан бўшатишни талаб қила бошлашди. Трамп 20 январда лавозимни АҚШнинг 46-президенти этиб сайланган Жо Байденга топшириши керак.

ОАВда Америка ҳукумати Трампни лавозимдан четлатиш масаласини муҳокама қилаётгани тўғрисида хабарлар тарқалган.

Трамп икки йўл билан лавозимдан четлатилиши мумкин. Улардан биринчиси – АҚШ конституциясига киритилган 25-тузатишга мувофиқ, Трампни лавозимдан четлатиш, иккинчиси бунга импичмент йўли билан эришиш.

Агар икки сенарийдан бири рўй берса, Байден иш бошлагунга қадар вице-президент Майк Пенс президентликни ўз зиммасига олиши лозим.

Трампни истеъфога чиқариш ишлари бошлаб юборилган. Кўплаб демократлар Америка Конституциясига киритилган 25-тузатишни қўллаш истагида.

Бу тузатиш президент ўз вазифаларини бажара олмайдиган ҳолатларда ҳукумат ва Конгрессга вазиятга аралашиш ваколатини беради.

25-тузатиш. Унда нима ёзилган?
АҚШ Конституциясига киритилган XXV тузатиш кенг маънода ҳокимиятни ўтказиш қоидаларини тартибга солади ва президентнинг лавозимга лаёқатсизлик ҳолатларини белгилайди. Агар давлат раҳбари турли сабаблар билан ўзига юклатилган вазифаларни бажара олмайдиган бўлса, 1967 йилдаги тузатиш қўлланади.

Президент мамлакатни бошқара олмаса ёки бошқаришни истамай қолса, у бу ҳақда парламентга (Конгресс) маълум қилиши керак бўлади. Бу имкониятдан одатда давлат раҳбари наркоз билан жарроҳлик амалиётига ётишига тўғри келган ҳолларда фойдаланилади. Президент ҳушида бўлмаганида, вице-президент унинг ўрнига сиёсий раҳбариятга раҳбарлик қилади. Президент ўзига келгач, у яна Конгрессга хабар бериши ва лавозимга қайтиши мумкин.

Президентни яна ким (ўзидан ташқари) вазифаларини бажаришга лаёқатсиз деб топиши мумкин?
25-тузатишнинг тўртинчи қисмида агар президент мамлакатни холисона бошқара олмайдиган бўлса, шу билан бирга ваколатларини топширишни истамаса, ҳокимият алмашинуви қандай кечиши белгиланган.

Ҳозирги ҳолатда импичмент кўп вақт олиши туфайли Трампни тезроқ четлатиш учун вазирлар айнан шу нормадан фойдаланишлари мумкин.

Муаммо шундаки, АҚШ тарихида тўртинчи қисм қўлланган ҳолат ҳали кузатилмаган.

Бу қисмда ёзилиши бўйича, вице-президент ва юқори мартабали амалдорлар (ҳозирги ҳолатда, департаментлар раҳбарлари, яъни вазирлар) кўпчилик овоз билан Трампни президентлик курсисига номуносиб деб топишлари керак. Вакиллар палатаси спикери ва Сенатнинг вақтинчалик раиси вице-президент ва вазирларнинг баёнотини қабул қилади, шундан кейин Майк Пенс Байден қасамёд қабул қилгунича (у 6 январ куни Конгрессдаги чиқишида Трампнинг ҳаракатларини қоралади ва Байденнинг ғалабасини тан олди) вақтинчалик АҚШ президентига айланади.

Трамп шундан кейин ҳам Конгрессга ҳали ҳам давлатни бошқара олиши тўғрисида хабарнома йўллаши мумкин. Пенс ва ҳукуматда Трампнинг баёноти бўйича парламент орқали баҳслашиш учун тўрт кун вақт бўлади. Агар амалдорлар ўртасида зиддият юзага келса, икки палата 48 соат мобайнида йиғилиб, АҚШни 20 январга қадар ким бошқариши тўғрисида қарор қабул қилиши керак бўлади. Тўғри, Конституцияда белгиланган барча процедуралар бажарилган тақдирда томонлардан бири Овал кабинетни фақат бир неча кунга банд этади.

Агар президент ҳам, вице-президент ҳам лавозимга нолойиқ деб топилса нима бўлади?
Америка давлатчилигидаги «учинчи шахс» — Конгрессдаги икки палата раислари, айнан улар президент ва вице-президент касал бўлган ёки вафот этган тақдирда АҚШни бошқариши белгиланган. Вакиллар палатаси раиси Нэнси Пелоси ва Сенатнинг вақтинчалик президенти Чак Грассли воқеаларнинг бундай ривожини номақбул деб ҳисоблайди — икки сиёсатчи ҳам бир неча кун президент функцияларини бажариш учун парламентдаги лавозимларини бўш қолдиришларига тўғри келади.

Ҳокимиятни ўтказиш учун нега бунча шартлар керак?
1960-йиллардаги тузатишга қадар бундай вазиятларда ёзилмаган қоидалар бўйича иш тутишган. АҚШнинг 9-президенти Уильям Ҳаррисон лавозимда бир ойгина ўтирган ва 1841 йилда вафот этган. Ўшанда вице-президент Жон Тайлер давлат раҳбари функцияларини ўзига олган, аммо ўшанда у энди кимлиги — вазифа бажарувчими ёки тўлақонли президентми, буниси аниқмасди. Тайлер инаугурация қилиш шарт эмас деб ҳисоблаган, чунки у яқинда вице-президент сифатида қасамёд қабул қилиб бўлганди, шу билан биргаликда ҳужжатларни президент вазифасини вақтинча бажарувчи сифатида имзолашни истамаган. Якунда вице-президент барибир президентлик қасамёдини қабул қилиб, бу орқали прецедент яратган.

1950-йилларда Дуайт Эйзенхауэр Ричард Никсон билан икки томонлама келишув орқали ваколатларини вақтинчага вице-президентга ўтказиш тартибини мустаҳкамлашга ҳаракат қилади. Соғлигидаги муаммолар Эйзенхауэрга ишлашга имкон бермаганида Никсон чиндан ҳам президентнинг алоҳида функцияларини ўзига олади, аммо ўзини давлат раҳбари деб атамайди.

1963 йилда, Жон Кеннеди ўлдирилганида ҳокимиятни вице-президент Линдон Жонсонга ўтказиш жараёнида, мамлакат раҳбарияти Конституцияга давлат раҳбари лавозимни бажара олмайдиган ҳолатларда ҳокимиятни ўтказишнинг турли сценарийлари кўзда тутилган тузатишларни киритишга қарор қилади. Кеннеди билан бўлган фожиа ва совуқ уруш давридаги хавфлар Жонсонни 1965 йилда 25-тузатишни киритиш жараёнини тезлаштиришга ундайди.

Тузатиш олти марта қўлланган, аммо Трамп ҳатто касал вақтида ҳам ваколатларини топширмаган
XX асрда 25-тузатиш икки вице-президентни тайинлашга, вице-президент Жеральд Фордга Ричард Никсон билан боғлиқ Уотергейт можаросидан кейин президент сифатида мамлакатни бошқаришга имкон берган. Катта Жорж Буш ҳам 1980-йилларда президент Рональд Рейганнинг соғлигида муаммо юзага келганида унинг вазифаларини бажариб турган.

Бушнинг ўғли билан ҳам шундай ҳолат кузатилган, кичик Жорж Буш 2000-йилларда наркоз остида колоноскопия жараёнини бошдан кечирганида ўз ваколатларини вице-президент Дик Чейнига ўтказиб турганди.

Дональд Трамп эса 2020 йил октябрида коронавирусга чалинганида парламентга вазифасини вақтинча бажара олмаслиги ҳақида хабарнома юборишни истамади

Шундан кейин Нэнси Пелоси Конгресс 25-тузатиш асосида президент ваколатларини вице-президентга ўтказиш ташаббуси билан чиқишини маълум қилганди, аммо бу лойиҳа ҳамон кўриб чиқилгани йўқ.

Импичментчи?
Трампни импичмент орқали истеъфога чиқариш учун Конгресснинг икки палатаси – Вакиллар палатаси ва сенатнинг учдан икки қисмининг овози зарур.

25-тузатиш Трампни лавозимидан четлатиш учун мос усул бўлиб, у орқали импичментга қараганда тезроқ натижага эришиш мумкин.

Худди жиноий ишларда бўлгани каби, Вакиллар палатаси президентни ҳам «оғир жиноятлар»да айблаши мумкин.

Дональд Трамп аввал ҳам бир марта шу тарзда айбланган, аммо сенатда кўпчиликни ташкил этган республикачилар Трампнинг лавозимидан бўшатилишига тўсқинлик қилишганди. Бироқ бу Трампнинг яна бир бор айбланмаслигини англатмайди.

Трампни лавозимдан четлатиш учун 435 конгрессмендан иборат Вакиллар палатасида кўпчилик овоз бериши, сенатда эса 100 нафар сенатордан учдан икки қисмининг овози талаб этилади.

Трампга қарши 2019 йилнинг декабр ойида ҳарбий ёрдам эвазига Украина президенти Владимир Зеленскийдан сайловдаги рақиби Жо Байденга қарши коррупция бўйича тергов очилишини сўраганлиги учун импичмент жараёни эълон қилинганди.

Ўшанда Вакиллар палатасида Трампга қарши «мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш» ва «Конгресс фаолиятини чеклаш» айбловлари қабул қилинганди.

Лекин сенатдаги овоз бериш жараёнида республикачилардан 53 киши Трампни оқлаш учун овоз берган ва импичмент амалга ошмаганди. Шу тариқа, Трамп импичмент бўйича тергов очилган, аммо АҚШ сенатида оқланган учинчи президентга айланганди.

Мавзуга оид