Жамият | 22:09 / 10.01.2021
16387
2 дақиқада ўқилади

Андижонда катта сув қувури ёрилиб кетди. Аҳолидан ичимлик суви захирасини ғамлаб қўйиш сўралди

Андижон шаҳрига ичимлик суви етказиб берувчи «Хонобод—Андижон» марказий сув қувурининг Андижон тумани «Хортум» маҳалласида жойлашган сув тақсимлаш жиҳозида 9 январ куни носозлик юзага келди. Айни вақтда Андижон шаҳрида ичимлик суви таъминотида муаммолар юзага келган.

«Андижон сув таъминоти» компанияси ушбу носозлик оқибатида 11-12 январ кунлари аҳолига сув етказиб беришда узилиш юзага келиши мумкинлигидан огоҳлантирган. Шу муносабат билан, компания Андижон шаҳри аҳолисидан узр сўраган ҳолда, уларни ичимлик суви захирасини яратиб олишга чақирган.

«Ушбу носозликни бартараф этиш мақсадида зарурий чоралар кўрилмоқда ва носозликни бартараф этиш учун шу йилнинг 11-12 январ кунлари аҳолига сув етказиб бериш таъминотида узилиш юзага келиши мумкин. Носозликни бартараф этиш жараёнида Андижон шаҳрига Жалақудуқ туманида жойлашган «Пахтакор» ер ости сув иншооти орқали тоза ичимлик суви етказиб бериш чоралари кўрилмоқда. Бундан ташқари, 20 дона махсус сув ташиш транспорт воситалари хизматга шай ҳолатга келтирилди.

«Андижон сув таъминоти» МЧЖ Андижон шаҳри аҳолисидан ичимлик суви захирасини яратиб олишларини сўраган ҳолда, юзага келган ҳолат юзасидан узр сўрайди», дейилади вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати томонидан эълон қилинган хабарда.

Мавзуга оид