12:40 / 10.01.2021
5744

Қозоғистонда парламент сайловлари бўлиб ўтмоқда  

Қозоғистонда парламентнинг қуйи палатаси – Мажилис ва маҳаллий вакиллик органлари – маслиҳатларга навбатдаги сайловлар бўлиб ўтмоқда. Шу муносабат билан мамлакатда 9994та сайлов участкаси соат 7дан ўз ишини бошлади. 

Фото МИД РК

Парламент сайловларида республикада рўйхатга олинган 6та партиядан 5таси иштирок этмоқда: Қозоғистон халқ партияси, ҳукмрон “Нур Отан” партияси, “Ауил” халқ-демократик ватанпарварлик партияси, “Ак жол” демократик партияси ва яқингача “Бирлик" деб номланган “Адал” партияси. 

Ўзини мухолиф партия деб ҳисобловчи Умуммиллий социал-демократик партия сайловларда иштирок этмасликка қарор қилган.

Депутатликка номзодлар орасида 312 киши бор бўлиб, улар орасида Мажлиснинг 34 нафар амалдаги депутати бор. 

Қозоғистонда овоз бериш ҳуқуқига эга фуқаролар 11,9 млн кишини ташкил қилади. Сайловлар ортидан халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларнинг 398 нафар вакили кузатув олиб боради. 

Пандемия сабабли сайловлар санитар-эпидемиологик талабларга риоя қилинган ҳолда ўтмоқда. Овоз берувчилардан тиббий ниқоб, қўлқопларда бўлиш ва 1,5 метрлик ижтимоий масофага риоя қилиш, қўл сиқишмаслик сўралган.

Овоз бериш соат 20гача давом этади. Сайловларга якун ясаш учун 7 кун кўзда тутилган бўлиб, барча сайлов жараёнлари 17 январгача якунланиши лозим.

Сайловлар вақтида тартибни сақлаш мақсадида полиция кучайтирилган тартибга ўтказилган.

Шунингдек, 10 январда Қирғизистонда президент лавозимига сайловлар бўлиб ўтмоқда. Шу билан бирга, республикада бошқарувнинг қайси шаклига ўтиш бўйича референдум ҳам ўтказилмоқда.

Top