Жаҳон | 09:12 / 11.01.2021
11684
2 дақиқада ўқилади

Ким Чен Ин Корея Меҳнат партияси бош котибига айланди

Фото: AFP

Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин Корея Меҳнат партиясининг VIII қурултойида партиянинг бош котиби этиб сайланди

Пхенянда ўтган 6 кунлик сессияда партиянинг ижрочи сиёсий кенгашини котибиятга ўзгартиришга қарор қилинган ва шу сабабли Ким Чен Ин бош котиб этиб сайланган.   

Партиянинг 2016 йил майида ўтган аввалги қурултойида Ким Чен Ин партия раиси этиб сайланганди. 

Шимолий Корея раҳбари қурултойдаги нутқида Пхенян Жанубий Корея билан муносабатларни “янгидан бошлаши” мумкинлигини, бироқ бунинг учун Сеул Кореялараро келишувларни фаол бажариши кераклигини айтган.     

Шунингдек, қурултой иштирокчилари партия низомига ўзгартиришларни тасдиқлашган. Уларга кўра, кейинги қурултойлар 5 йилда бир марта чақирилади ва улар ўтказилиши ҳақида бир неча ой олдин эълон қилинади.   

Ким Чен Ингача партия бош котиби унвонига унинг отаси Ким Чен Ир, ундан аввалроқ эса бобоси Ким Ир Сен эга бўлган.   

Мавзуга оид