Жаҳон | 23:26 / 11.01.2021
16519
2 дақиқада ўқилади

Кремлда Россия, Озарбойжон ва Арманистон етакчилари ўртасидаги музокаралар 4 соат давом этди

Россия президенти Владимир Путин, Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян ўртасида Москвада ўтган учрашув 4 соатлик музокаралардан кейин якунланди. Алиев ва Пашинян Тоғли Қорабоғдаги ихтилофдан кейин илк бор юзма-юз учрашишди. 

Фото: EPA/Vostock-photo

Томонлар учрашув натижаларига кўра Тоғли Қорабоғда иқтисодий алоқалар ва инфратузилмавий лойиҳаларни ривожлантириш бўйича уч томонлама гуруҳни ташкил этиш ҳақидаги баёнотни имзолашди.  

Путиннинг таъкидлашича, гуруҳга уч давлат бош вазирлари ўринбосарлари раҳбарлик қилади. Улар тез орада Тоғли Қорабоғнинг транспорт инфратузилмаси ва иқтисодиётини ривожлантириш бўйича аниқ режаларни тақдим этувчи экспертлар гуруҳини ташкил этишади.

Ўз навбатида, Илҳом Алиевнинг таъкидлашича, транспорт алоқаларининг очилиши Боку ва Ереван манфаатларига тўғри келади. “Ҳарбий ҳаракатларни тугатиш бўйича тузилган баёнотнинг бандларидан бири транспорт алоқаларини очиш бўлганди. Бу минтақани ривожлантиришни ва хавфсизликни мустаҳкамлашни жадаллаштирадиган соҳадир. Чунки бу Озарбойжон, Арманистон, Россия халқлари, қўшниларимиз манфаатларига жавоб беради”, деб айтган Алиев.

Озарбойжон раҳбарининг таъкидлашича, 30 йилдан кўпроқ вақтдан кейин Озарбойжон Арманистон орқали Нахичеван мухтор республикаси билан боғланади. Арманистон эса Озарбойжон ҳудуди орқали Россия ва Эронга темир йўл чиқишига эга бўлади. 

Арманистон бош вазири Никол Пашиняннинг таъкидлашича, музокаралар натижаларига кўра ҳарбий асирлар масаласини ҳал қилишнинг уддасидан чиқилмади.

“Афсуски, бугун ҳарбий асирлар масаласини ҳал қила олмадик. Бу энг оғриқли масаладир, чунки бу инсонпарварлик масаласидир ва биз бу йўналиш бўйича ишни давом эттиришга келишиб олдик”, деб айтган Пашинян.

Унинг таъкидлашича, Тоғли Қорабоғдаги ихтилоф ҳали ҳал бўлмаган, минтақа мақомини ҳали белгилаш лозим. “Албатта, биз умуман олганда, ўт очишни тўхтатишга муваффақ бўлдик. Бироқ ҳал қилиш керак бўлган кўплаб масалалар бор. Бу масалалардан бири Тоғли Қорабоғ мақомидир. Арманистон Минск гуруҳи доирасида музокараларни, жумладан ушбу масала бўйича, давом эттиришга тайёр”, деб таъкидлаб ўтган Пашинян.  

Мавзуга оид