Ўзбекистон | 22:53 / 11.01.2021
8943
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик ва россиялик олимлар коронавирусни радиация билан даволашни таклиф қилишди

Ўзбекистон ва Россия олимлари коронавирус ва унинг мутацияларини радиация (нурланиш)нинг кучсиз дозалари билан йўқ қилиш мумкинлигини аниқлашди. Таъкидланишича, вирусни йўқ қилишда қўлланадиган дозадаги радиация одам учун хавфсиз ҳисобланади.  

Фото: РИА Новости

Радиациянинг коронавирусга таъсирини ўрганиш билан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва Урал федерал университети олимлари шуғулланишмоқда. Ҳозирда улар даволаш методикасини ишлаб чиқишмоқда.

“Бу ғоянинг моҳияти шундан иборатки, коронавируснинг РНК молекуласи одам ҳужайрасига тушганда ўз узунлиги бўйлаб кўплаб қисмларида кучли деформацияланади. Аниқланишича, вируснинг РНК молекуласи бўйлаб деформацияланган жойлари соғлом ҳужайралардан кўра радиация таъсирига минг маротаба таъсирчан экан. Бундан радиациянинг вирус учун ҳалокатли кучсиз дозалари одам ҳужайраларига мутлақ хавфсиз экани келиб чиқади”, деб маълум қилган УрФУ профессори Анатолий Зацепин.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, радиация таъсирида нафақат коронавирусни, балки бошқа вирусларни ҳам йўқ қилиш мумкин. Олимлар радиация ёрдамида, шунингдек, турли сиртларни дезинфекциялашни таклиф қилишмоқда.  

Бироқ россиялик вирусолог, тиббиёт фанлари доктори Анатолий Алтштейннинг таъкидлашича, коронавирусни радиация билан даволаш хавфли бўлиши мумкин.

“Одамни радиация билан даволаш керак эмас. Бундан ташқари, радиация турли бўлади. Рентген ва ултрабинафша нурланиш орасида катта фарқ бор”, деб айтган мутахассис.

Унинг таъкидлашича, агар беморга унда коронавирусни ўлдира оладиган дозада рентген нурланиш берилса, аксинча унга зиён етказиб қўйиш ҳам мумкин.

“Сиртларни нурлантиришга келсак, марҳамат, бу яхши дезинфекциядир. Ҳавода ултрабинафша нурланиш билан вируслар ўлдирилади”, деб якун ясаган ўз фикрларига олим.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид