ШҲТ миссияси Қозоғистондаги сайлов бўйича хулосасини эълон қилди
Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти миссияси Қозоғистонда ўтган парламент сайлови юзасидан ўз хулосасини билдирди. Унда сайлов натижаларига таъсир қилиши мумкин бўлган қонунбузарликлар аниқланмагани билдирилган.
Жорий йилнинг 7-10 январ кунлари Қозоғистонда паламент сайловини кузатиш учун юборилган Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти миссияси сайлов якуни бўйича ўз хулосасини эълон қилди. Миссия хулосаларига кўра, «сайлов кампаниясининг барча жиҳатларининг чуқур таҳлили мамлакатда сиёсий рақобат мавжудлиги, сайлов кампаниясининг очиқлиги ва шаффофлигини кўрсатган. Сайловлар Қозоғистон қонунчилик талабига ва мамлакат ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларга жавоб берган ҳамда сайлов натижаларига таъсир қилиши мумкин бўлган қонунбузарликлар аниқланмаган».
Миссияга раҳбарлик қилган ШҲТ Бош котибининг ўринбосари Чжан Хайчжоунинг билдиришича, «миссия ўтган сайловларни эркин, адолатли, ишончли ва демократик сайловлар сифатида тан олади, сайловларнинг қонунийлиги шубҳасиздир. Мамлакат қонунчилик органини сайлаш демократик Қозоғистонни янада ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам» бўлган.
Миссия томонидан халқаро кузатувчиларнинг таклиф этилиши расмий Нур-Султон парламент сайловларининг «максимал даражада очиқлиги, ошкоралиги ва демократик характерини таъминлашга бўлган интилиши сифатида баҳоланиши» эътироф этилган.
Ўнта банддан иборат миссия баёнотида кузатувчиларнинг фаолияти, мамлакат сайлов қонунчилиги базаси, замонавий ахборот технологиялари ва жамоат платформаларидан фойдаланиш, Қозоғистон Мажилисига номзодлар, сайловолди ташвиқоти, сайловларга тайёргарлик ишлари, имконияти чекланган сайловчиларга яратилган шароитлар, сайлов бўлиб ўтган кун ҳамда асосий хулосалар баён этилган.
Миссия сайлов участкалари тиббий ёрдам кўрсатиш хоналари билан жиҳозлангани, овоз бериш ўрнатилган тартибда тинч ўтганини қайд этган ҳамда кузатув давомида миссия вакилларига ҳеч қандай шикоят ва мулоҳазалар келиб тушмаган.
Маълумот учун, Қозоғистон парламенти – Мажилиси 107 нафар депутатдан иборат бўлиб, улардан 98 нафари яширин овоз бериш орқали сиёсий партиялар рўйхати асосида сайланади.
Қоидага кўра, депутатликка номзод бўлиши учун Қозоғистон азамати 25 ёшга тўлган ва сўнгги 10 йил мобайнида мамлакат ҳудудида муқим истиқомат қилиб келаётган бўлиши шарт.
Баёнот сўнгида миссия вакиллари сайловларнинг якунлангани билан Қозоғистон халқини табриклаб, давлатчилик ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишни янада мустаҳкамлашда муваффақиятлар тилаган.
Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти 1996 йилда Хитой ташаббуси билан давлат мустақиллигини эълон қилган Россия, Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон билан устувор масала сифатида мавжуд собиқ совет-хитой чегара муаммоларига манфаатли ечим топиш мақсадида ташкил топган. Унга кейинчалик 2001 йилда Ўзбекистон, 2017 йилда Покистон ва Ҳиндистон қўшилиши ҳисобидан жаҳоншумул нуфуз касб этди.
Шунингдек, ШҲТнинг юқори даражали учрашувларида Афғонистон, Беларусь, Мўғулистон ва Эрон кузатувчи мақомида, Арманистон, Камбоджа, Непал, Озарбойжон, Туркия ва Шри-Ланка мулоқот шериклари сифатида иштирок этадилар. Бетараф Туркманистон учрашувларга меҳмон сифатида таклиф этилади.
Одатда ШҲТ, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ)дан фарқли ўлароқ ўзига аъзо давлатларнинг президент, парламент сайловлари ё референдумлари ҳақида биронта танқидий баёнотлар чоп этмайди. Ваҳоланки, бу ҳақда миссия ўз баёнотида ҳам қуйидагиларни маълум қилган: «миссия ўз фаолиятини ШҲТ доирасида қабул қилинган низомга мувофиқ миллий қонунчиликка қатъий риоя қилиш, сиёсий бетарафлик, холислик ва давлатнинг ички ишларига аралашмаслик тамойилларига асосан юритади».
Мавзуга оид
22:27 / 25.12.2024
Мустақил Қозоғистон тарихидаги энг йирик авиаҳалокатлар санаб ўтилди
21:32 / 25.12.2024
Azerbaijan Airlines самолётининг Қозоғистондаги ҳалокатида 38 киши вафот этди
23:10 / 23.12.2024
Россия Қозоғистонда 7 млн долларлик фирибгарлик ишида айбланаётган Ўзбекистон фуқаросини экстрадиция қилди
17:57 / 23.12.2024