Жамият | 18:31 / 11.01.2021
7789
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда такси ҳайдовчисига нисбатан талончилик содир этган шахс ушланди

2021 йилнинг 7 январ куни соат 11:00да номаълум шахс такси ҳайдовчиси бўлган 37 ёшли А.А.га тегишли автоуловига йўловчи сифатида чиқиб, ундан Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани Ибн Сино 1-мавзега олиб бориб қўйишни сўраган.

Фото: Тергов департаменти

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, кейинчалик бу шахс манзилга етиб келиб, холасининг уйига кириши ва телевизорларни кўтариб олиб чиқишда ёрдам беришини илтимос қилган.

Маълумотда айтилишича, такси ҳайдовчиси А.А. ушбу илтимосга рози бўлган ва улар хонадонлар йўлагига киришган вақтида номаълум шахс А.А.га нисбатан ҳаёти учун хавфли бўлмаган зўрлик ишлатган. У А.А.нинг устидаги спорт кийими чап чўнтагида бўлган 300 АҚШ долларини талончилик йўли билан қўлга киритиб, ҳодиса жойидан яширинган.

Олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлари натижасида мазкур жиноятни 24 ёшли С.Т. содир этганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан С.Т.га нисбатан Жиноят кодексининг 166-моддаси 2-қисми “а” банди (ҳаёт ва соғлиқ учун хавфли бўлмаган зўрлик ишлатиб ёхуд шундай зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб, талончилик қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган, у процессуал тартибда ушланган.  

Жиноят иши доирасида С.Т. сўроқ қилинганда, у А.А.нинг  автоуловга ўтирганидан сўнг унинг эгнидаги спорт кийими чап чўнтагида АҚШ доллари купюрасидаги пуллари борлигини кўриб қолганлиги сабабли ушбу пулларни қўлга киритиш мақсадида жиноий ниятини амалга оширганини маълум қилган.

Ҳозирда жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид