Жамият | 18:06 / 11.01.2021
12105
1 дақиқада ўқилади

Йўловчи талашган ҳайдовчиларнинг муштлашуви акс этган видео тарқалди. «Тошшаҳартрансхизмат» ҳолатга ойдинлик киритди 

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида автобус ҳайдовчилари йўловчи талашиб, рулда ўтирган ҳайдовчини калтаклагани тўғрисида видеолавҳа тарқалди. "Тошшаҳартрансхизмат" АЖ ахборот хизмати ушбу ҳолат юзасидан расмий муносабат билан чиқди.

Қайд этилишича, видеодаги ҳолат бундан икки йил аввал, 2019 йил январь ойида Тошкент шаҳри Олмазор тумани Қорақамиш 2/4 даҳасидаги автошоҳбекатда содир бўлган.

Иккала ҳайдовчи "18-Автобус саройи" МЧЖ тасарруфидаги 87-сонли йўналишда хизмат кўрсатиб келган. Ҳайдовчилар автобус шоҳбекатига етиб келганидан сўнг, 87-сонли автобус ҳайдовчи А.С. ҳамкасби Ш.Э.нинг автобусига чиққан ва ҳақоратлаб, жанжал юзага келтирган ҳамда ўртада муштлашув содир бўлган. 

Расмий муносабатда айтилишича, жанжалнинг келиб чиқишига 87-сонли йўналишда ҳайдовчиларнинг ҳаракатланиши учун белгиланган жадвал бузилиши сабаб бўлганлиги аниқланган. 

“18-Автобус саройи” МЧЖ томонидан ҳайдовчи Ш.Э. билан 2019 йил 19 январдаги 192-сонли ҳамда ҳайдовчи А.С. билан 2019 йил 11 февралдаги 215-сонли буйруқларга асосан меҳнат шартномаси бекор қилинган.

Юқорида келтирилган иккала ҳайдовчи 2019 йилдан буён “18-Автобус саройи” МЧЖда хизмат кўрсатмаслиги маълум қилинган.

Мавзуга оид