Ўзбекистон | 09:11 / 12.01.2021
20706
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда маҳкумлар сони маълум қилинди

Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган йиғилишда президентнинг Олий Мажлисга мурожаатномасида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотларни изчил давом эттириш бўйича белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Парламент сайтида ёзилишича, тезкор-қидирув, тергов соҳасида қийноқларнинг олдини олиш мақсадида ички ишлар органларига келтирилган ва ушланган шахслар билан янги ташкил этилган 484та сўровхонада суҳбат ва сўровлар ўтказилмоқда. 

Тергов бўлинмаларида видеокузатув воситалари ҳамда эшитиш мосламаларисиз адвокатлар ўзларининг ҳимояси остидаги шахс билан ҳоли учрашишлари учун алоҳида адвокатлар хоналари ташкил этилган. Тергов ҳибсхоналаридаги мавжуд терговчилар хоналарига жами 123 дона замон талабларига жавоб берадиган овоз ёзишга мўлжалланган видеокузатув воситалари ўрнатилди.

Қайд этилишича, бугунги кунда мамлакатда 54та жазони ижро этиш муассасаси мавжуд. Шундан 18таси ёпиқ турдаги, 25таси манзил колония ва 11таси тергов ҳибсхоналаридир. Ички ишлар вазирлиги тақдим этган маълумотларга кўра, жазони ижро этиш тизимида 22 мингдан ортиқ, шундан 7 мингдан ортиғи манзил колонияда, 14 мингдан ортиқ маҳкумлар ёпиқ турдаги колонияларда жазо муддатини ўтамоқда.

2020 йил 1 август ҳолатига кўра, АҚШда ҳар юз минг одамдан 639 нафари, Россияда 340 нафари, Туркияда 335 нафари, Беларусда 343 нафари, Ўзбекистонда 68 нафари жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтамоқда.

Шунингдек, жазо муддатини ўтаётган маҳкумларни сақлаш шароитларининг шаффофлигини таъминлаш ҳамда қийноқ ва жисмоний тазйиқ ўтказиш билан боғлиқ салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида тизимдаги 54та жазони ижро этиш муассасалари 3 280 дона замонавий видеокузатув мосламалари билан жиҳозланган. Шундан, 2 203таси жазони ижро этиш муассасаси яшаш саҳнига, 432таси ишлаб чиқариш саҳнига, 645таси ташқи маъмурий ҳудудга ўрнатилган.

Мавзуга оид