22:41 / 14.01.2021
17059

АҚШдаги энг қимматбаҳо уй сотувга қўйилди

АҚШдаги энг қимматбаҳо, нархи 160 млн долларга баҳоланаётган уй сотувга қўйилди. Таъкидланишича, уйни 2018 йилда ҳам сотишга уринишган.    

Фото: conciergeauctions.com

Concierge Auctions аукцион уйи маълумотларига кўра, икки қаватли ҳашаматли Villa Firenze вилласининг майдони 6 минг квадрат метрни ташкил қилади. У калифорниялик архитектор Уилям Хаблински томонидан лойиҳаланган.

Уйда 13та ётоқхона, 25та ваннахона, бир нечта камин бор. Уйнинг ҳудудида, шунингдек, меҳмонлар учун мўлжалланган 3та уй, бассейн, жакузи, теннис корти ва ўз ичига 30та машинани сиғдира оладиган автотураргоҳ бор. Таъкидланишича, уйга 7 киши хизмат кўрсатади ва уларнинг хизмат ҳақлари ҳам уй нархи ичига киритилган.

Ҳашаматли уй Калифорниянинг Норт-Беверли-Парк туманида жойлашган бўлиб, бу ерда қўшиқчи Род Стюарт, актёрлар Дензел Вашингтон ва Силвестр Сталлоне яшайди.

“Бу битим аукционлардаги кўчмас мулк савдоси тарихидаги энг қиммати бўлади. Уй эгалари учун уйни айнан шундай усул билан сотиш энг хавфсиз ҳисобланади”, деб айтган аукцион уйи раҳбари Чад Рофферс.

Уйни 2018 йилда ҳам сотишга уринишган. Ўшанда унинг нархи 165 млн долларга баҳоланган.

Top