Жаҳон | 15:31 / 16.01.2021
3891
2 дақиқада ўқилади

АҚШ соғлиқни сақлаш вазири истеъфога чиқишини маълум қилди

Соғлиқни сақлаш вазири Доналд Трамп ҳукуматининг алоҳида ютуқларини қайд этиш билан бирга, президент тарафдорларининг конгресс биносига ҳужум қилганлигини кескин қоралаган.

Фото: AP

 АҚШ соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар вазири Алекс Азар истеъфога чиқиш тўғрисида ариза берди. У бу ҳақда Twitter саҳифасида маълум қилди.

“Ушбу ҳафтада бошқа сиёсатчилар каби мен ҳам аризамни бердим, у 20 январ куни кучга киради”, - деб ёзди у.

Азарнинг қўшимча қилишича, у ҳокимиятнинг Жозеф Байден жамоасига тинч йўл билан ўтишини таъминлашни ўз бурчи деб билади, шу боис инаугурацияга қадар лавозимида қолади.

 Соғлиқни сақлаш вазири Доналд Трамп ҳукуматининг алоҳида ютуқларини қайд этиш билан бирга, президент тарафдорларининг конгресс биносига ҳужум қилганлигини кескин қоралаган.

"Капитолийга ҳужум демократиямиз ва ҳокимиятнинг тинч йўл билан топширилиши анъанасига қарши ҳужум бўлди", - деб ёзди Алекс Азар.

6 январ кунги Вашингтондаги тартибсизликлардан сўнг Доналд Трамп жамоаси билан боғлиқ бир неча нафар расмий шахслар истеъфо берди. АҚШ президентининг Шимолий Ирландия бўйича махсус вакили Мик Малвэни ушбу воқеаларга норозилик сифатида лавозимини тарк этишини маълум қилди. Оқ уй миллий хавфсизлик кенгашининг Россия ва Европа бўйича катта директори Райан Талли ҳам лавозимини тарк этди. Бундан ташқари, транспорт вазири Элейн Чао ва таълим вазири Бетси Девос ҳам истеъфога чиқди.

Мавзуга оид