Ўзбекистон | 13:53 / 16.01.2021
37395
5 дақиқада ўқилади

«Капейка»га чиққан суд қарори, вазир қарорини талаб қилаётган ИИБ ва ҳайратда қотган МИБ: Самарқандда ғалати ишлар бўляпти

Ички ишлар органлари идораларидан маълум бир сабабларга кўра бўшатилган ходим суд тартибида ишга тиклангач, Самарқанд вилоят ИИБ турли баҳоналар билан суд қарорини ижро этишни пайсалга солиб келмоқда. Ҳуқуқ ҳимоячиси бўлган органнинг ўзи суд қарорига итоат этмаслиги қанчалар тўғри?

Жомбой туманида яшовчи фуқаро Жамшид Шаманов Самарқанд вилоят ИИБ патруль-пост хизмати батальони хизматни ташкиллаштириш гуруҳи инспектори вазифасида ишлаган. 2019 йил 6 май куни ишдан бўшатилган.

Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди апелляция инстанциясининг 2019 йил 18 июлдаги ажрими билан Самарқанд вилоят ИИБ бошлиғининг Ж.Шамановни ишдан бўшатишга доир буйруғи ғайриқонуний деб топилган. Шунингдек, суд Ж.Шамановни ўз вазифасига ишга тиклаш ва мажбурий прогул кунлари учун иш ҳақи ундириш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқарган.

Суднинг ана шу қарори эълон қилинганига ҳам қарийб бир ярим йил бўлди. Аммо у ҳали ҳамон ижро қилинган эмас. МИБ вилоят бошқармаси мазкур суд қарори ижроси юзасидан вилоят ИИБга бир неча марта хат киритган. Ҳатто Бош прокуратуранинг Шамановга йўллаган жавоб хатида ҳам суд қарорини ижро қилиш учун вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи номига хатлар киритилгани айтилади. Аммо, натижа йўқ.

Иш берувчи томон эса ходимнинг ишга тикланмаслигига сабаб қилиб Ички ишлар органларида хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низом талабларини келтирмоқда.

Жамшид Шамановнинг ўнлаб мурожаатларига ИИВ ҳамда вилоят ИИБ томонидан юборилган жавоб хатларида юқоридаги Низомга асосан уни ишга тиклаш имкони мавжуд эмаслиги айтилган.

Суд қарори «капейка», муҳими — Вазирнинг қарори

Вилоят ички ишлар бошқармаси кадрлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Нажмиддин Халилов Президентнинг 2017 йил 29 ноябрдаги ПҚ-3413-сонли қарори 155-бандига асосан собиқ ходимларни тизимга ишга қайта қабул қилиш (!) ваколати Ички ишлар вазирининг қарори асосида амалга оширилади, дея Шамановнинг тикланмаслик сабабларини изоҳламоқда. Худди шу важ ички ишлар вазирлигидан юборилган қатор хатларда ҳам айтилган.

Аммо бу фикрлар масъул ходимларнинг Низом талабларини яхши тушунмаслигидан дарак бермоқда. Сабаби низомнинг у таъкидлаган 155-бандида ходим жинояти учун суднинг ҳукми, ажрими, қарори қонуний кучга кирганидан кейин хизматдан бўшатилиб, ғайриқонуний равишда жиноий жавобгарликка тортилганлиги ёхуд асоссиз бўшатилганлиги тан олинган ҳолларда, шунингдек ғайриқонуний равишда хизматдан бўшатилган деб топилган шахсларни хизматга тиклаш суднинг хизматга тиклаш тўғрисидаги қонуний кучга кирган қарори ёхуд Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг қарори асосида амалга оширилади, дейилган.

Шамановнинг кейсида эса суднинг ишга тиклаш тўғрисидаги ҳал қилув қарори мавжуд ва уни ижро этиш мажбурий. Афтидан вазирлик ва бошқарма масъуллари “ишга тиклаш” билан “ишга қайта қабул қилиш” жумлалари ўртасида осмон билан ерча фарқ борлигини билмайдилар.

Қонунни тушунмаслик (ёки тушунишни истамаслик) ортидан фуқаро бир ярим йилдан буён сарсон қилиниб, суд қарори ҳам назар-писанд қилинмай келмоқда.

Яна бир ҳолат: муаммони ўрганиш чоғида ИИВ томонидан фуқарога қайтарилган жавоб хатларига эътиборингизни қаратдик. Гувоҳ бўлганингиздек, ҳолат ўрганилаётгани ёхуд маълум тартибга кўра рад этилгани маълум қилиб келинган.

Аммо жавоб хатлари мазмуни ҳам эндиликда бир-бирига зид бўлиб қолмоқда. Жумладан, Ички ишлар вазирлиги томонидан яқиндагина Жамшид Шамановга юборилган жавоб хатида фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят судининг қарорини ижро этиш тўғрисидаги ижро варақаси вазирлик кадрлар бошқармасига келиб тушмагани, шу сабабдан ишга тиклаш мақсадга мувофиқ эмас, деб топилгани маълум қилинган.

Фуқаро эса ҳайрон, агар вазирлик бу ҳужжатдан бехабар бўлса жавоб хатларида «ўрганиб чиқиляпти» деб бир йил давомида нима назарда тутилган эди?

МИБ ҳам ҳайратда...

Ижро ҳаракатларини олиб бораётган мажбурий ижро бюроси масъуллари ҳам бу ҳолатдан лол бўлиб, вазият кузатувчисига айланган. Ходимни лавозимга тиклашни сўраб вилоят ИИБга юборган талабномалари эса деворга отилган кесак каби самарасиз бўлмоқда.

Самарқанд вилоят ИИБ масъуллари суд ҳужжатлари барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролар учун мажбурий эканлиги ҳақидаги Конституциявий нормани унутган. Бундан ҳам аянчлиси — масъул мутасаддиларнинг бу бебошлигига чора кўрувчи идора ҳозирча топилмаяпти.

Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.

Анвар Мустафоқулов, Kun.uz мухбири.
Фахриддин Ҳотамов, тасвирчи.

Мавзуга оид