Жаҳон | 23:04 / 16.01.2021
2798
2 дақиқада ўқилади

Швейцарияда ҳукуматни локдаун жорий этиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш бўйича референдум ўтказилиши мумкин

Швейцарияликларнинг 55 фоизи комендантлик соати ва коронавирусга қарши курашдаги бошқа чоралар уларнинг шахсий эркинликларини чекламоқда деган фикрда.

Фото: AP

Швейцарияда ҳукуматни коронавирус пандемияси сабабли локдаун жорий этиш ва бошқа чекловлар киритиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш бўйича референдум ўтказилади. Бу ҳақда The Wall Street Journal ёзмоқда.

Ушбу ҳафтада референдум тарафдорлари бу борадаги петицияга талаб қилинган 50 минг ўрнига 86 мингга яқин имзо тўплашди. Референдум июнда ўтказилиши мумкин.

Швейцария ҳукумати яқин вақтгача чекловлар борасида эҳтиёткорлик қилаётганди ва ҳатто декабрда тоғ-чанғи курортларини ёпмаганди. Аммо касаллик юқтириш ҳолатлари ўса бошлаганидан сўнг 18 декабрда бар, ресторан ва бошқа дам олиш масканларини феврал охиригача ёпишга қарор қилинди. Ўтган ҳафтада эса биринчи эҳтиёж моллари билан савдо қиладиган дўконлардан ташқари барча савдо муассасаларини ёпиш талаб қилинди.

Швейцарияликларнинг 55 фоизи комендантлик соати ва коронавирусга қарши курашдаги бошқа чоралар уларнинг шахсий эркинликларини чекламоқда деган фикрда.

Референдум ўтказиш тарафдорларига ўзини «Конституция дўстлари» деб атаган гуруҳ бошчилик қилмоқда. Улар ҳукумат чекловлар киритганидан сўнг навбатдаги қадам аҳолини яхши ўрганилмаган воситалар билан мажбурий эмлаш бўлади деган хавотирда, деди гуруҳ вакили Кристоф Флюгер.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид