Ўзбекистон | 21:10 / 18.01.2021
26825
3 дақиқада ўқилади

Булунғурда тарбияланувчини урган боғча мудираси ишдан бўшатилади. Болага суд экспертизаси тайинланган

17 январ куни ижтимоий тармоқларда аёл киши боғча тарбияланувчисининг юзига ва қўлига ураётгани тасвирланган видео тарқалди. Видеода ҳолат Самарқанд вилояти Булунғур туманидаги 13-сонли МТТда тасвирга олингани айтилган. Туман ҳокимлиги ва вилоят мактабгача таълим бошқармаси томонидан дастлабки ўрганишлар олиб борилганда ҳодиса Булунғур туманидаги 13-сонли МТТда содир этилгани тасдиқланди.

Самарқанд вилоят Мактабгача таълим бошқармаси боғча мудираси билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилади. Жабрланувчи болага эса судга оид экспертиза тайинланган. Бу ҳақда вилоят МТБ ахборот хизмати томонидан Kun.uz’га тақдим этилган муносабатда маълум қилинган.

Жорий йил 17 январ куни мактабгача таълим ташкилотларидан бирида тарбияланувчи боланинг қўллари ва юзига аёл кишининг ураётгани тасвирланган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди. Дастлабки ўрганишларга кўра, ҳолат Булунғур туманидаги 13-сонли МТТда содир бўлгани маълум бўлди. Бироқ 17 январ якшанба, иш куни бўлмаганлиги сабабли ҳолат бугун, 18 январ, душанба куни Булунғур туман ҳокимлиги ва вилоят мактабгача таълим бошқармаси масъул ходимлари томонидан жойида ўрганилган.

Муносабатда ёзилишича, ҳодиса юзасидан суриштирув ўтказилганда боғча мудираси Роҳатой Аҳророва 2-тайёрлов гуруҳи тарбияланувчиси М.Ш.нинг руҳиятига босим ўтказиб, қўллари ва юзига урганлиги маълум бўлган. Қайд этилишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган видеони 1-сонли МТТ психологи Н.Атабаева тасвирга олган ва тарбияланувчиларнинг ота-оналарига тарқатган. Ота-оналар видеони ижтимоий тармоқларга жойлаган.

Воқеа содир бўлган куни 2-тайёрлов гуруҳи тарбиячиси Дилфуза Маҳкамова тушгача ишда бўлмаган ва болаларга мудира Р.А.нинг ўзи қараб турган. Ана шу пайтда у тўполон қилган болани бошқа тарбияланувчилар кўз ўнгида урган.

Таъкидланишича, бугун мутасадди ташкилотлар томонидан 13-сонли МТТда суриштирув давом этаётган пайтда мудира Роҳатой Аҳророванинг юраги хуруж қилган ва у тез тиббий ёрдам бригадаси томонидан шифохонага олиб кетилган. Боғча мудираси вазифасини вақтинча бажариш олий маълумотли тарбиячи Мардиева Дилрабога унинг розилиги асосида юклатилган.

«Тизимда келгусида бундай салбий ҳолатлар такрорланишининг олдини олиш мақсадида вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Ш.Раҳмонов, туман ҳокимлиги ва прокуратураси билан бирга туман МТТ директорлари ҳамда туман мактабгача таълим бўлими мутасаддилари иштирокида тушунтириш ишлари олиб борилди. Самарқанд вилоят Мактабгача таълим бошқармаси томонидан Роҳатой Аҳроровага меҳнат қонунчилигида белгиланган тартибда меҳнат шартномасини бекор қилиш чоралари белгиланди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Булунғур туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Хусусан, Ш.М.нинг қўллари ва юзига урган ҳолати юзасидан судга оид экспертиза тайинланди», дейилади муносабатда.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид