12:12 / 20.01.2021
14055

ИИББ Сергели туманида содир бўлган жанжал бўйича қўшимча маълумот берди

Сергели тумани ИИО ФМБ ходимлари томонидан 17 январдан 18 январга ўтар кечаси Сергели тумани 6-мавзеда содир бўлган жанжал иштирокчиларининг шахси аниқланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ хабар берди.

18 январь куни тахминан соат 23:50ларда 26 ёшли А.К. ўз бошқарувидаги “Кобалт” русумли автомобилида танишлари, 32 ёшли З.Х. ва 40 ёшли З.Х. билан Сергели тумани 6-мавзедаги автотураргоҳга келган. Шу жараёнда икки нафар фуқаро, муқаддам судланган 30 ёшли А.А. ва 30 ёшли Х.Х. маст ҳолатда бўла туриб, автомобилнинг йўлини тўсган.

Қайд этилишича, ҳодиса натижасида фуқаролар ўртасида жанжал бошланган. А.А. ва Х.Х. автомобил ойналарини синдириб, машинага зарар етказган. Шундан сўнг, А.А. ва Х.Х. фуқаролар З.Х. ва З.Х.ни уриб, уларга тан жароҳати етказган. З.Х.га тан жароҳати етказиш жараёни шу жойдаги кўп қаватли уйда истиқомат қилувчи фуқаро томонидан видеога олинган ва интернетга жойлаштирилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Сергели тумани ИИО ФМБ томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми “г” банди (“безорилик”) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумон қилинувчилар - А.А. ва Х.Х. ушланган. Тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Top